Жамият | 11:44 / 26.09.2018
8975
2 дақиқада ўқилади

Мақолага муносабат: Тойлоқ тумани ҳокими муаммони бартараф этди

«Kun.uz» сайтида «Маҳалла раиси Тойлоқ тумани ҳокимидан нега норози?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақола юзасидан Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаров таҳририят билан боғланди ва маҳалла раиси, аҳоли билан юзага келган тушунмовчиликлар бартараф этилганини билдирди.

Шундан кейин ушбу масала юзасидан Бобоназаров билан учрашдик. Туман ҳокимининг таъкидлашича, стадион ҳудудидаги ноқонуний қурилишларни бузиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Стадион ўрнига янги мактабгача таълим муассаси қурилиши ҳақидаги гап-сўзлар Сариосиё маҳалласи аҳолиси ўртасида баъзи гумонларни келтириб чиқарган. Шунинг учун ҳам маҳалла аҳолиси ва раиси мактабгача таълим муассаси қурилиши режалаштирилаётганидан норози бўлган.

Туман ҳокимининг айтишича, халқнинг фикрини инобатга олиб, стадион ҳудудида мактабгача таълим муассасаси қурилмайдиган бўлди. Маҳалла аҳли стадионда ободонлаштириш ишларини олиб бориш ва йил охиригача ўйингоҳ атрофини ўрашни ваъда қилишган.

Мақолада келтирилган туман ҳокими ва маҳалла раиси ўртасидаги англашилмовчилик ҳам барҳам топган. Маҳалла раиси масала моҳиятини тўғри тушунмай, нотўғри хулосага келганини англаб етган. У буни биз билан суҳбатда ҳам таъкидлаб ўтди.

Муҳими, ўртадаги турли тушунмовчиликларга барҳам берилди.

Бардошбек САМАД ўғли.

Мавзуга оид