Бугун, 26 сентябрь куни УЕФА 2024 йилги Европа чемпионатининг финал босқичи қайси мамлакатда бўлишини эълон қилади. Даъвогарлар иккита – Германия ва Туркия.

Аввалбошдан фақат ушбу икки давлат мезбонлик учун курашиб келди. Германия 2014 йил сентябрь ойида Англия ҳукумати билан келишиб олган бўлиб, унга кўра инглизлар Евро-2024`га даъво қилмайдиган бўлди. Бунинг эвазига германияликлар Евро-2020 нинг ҳал қилувчи ўйинлари (ярим финал ва финал баҳслари) Лондонда ўтишига қаршилик кўрсатишмади. Шу тариқа, Германия асосий рақиби деб кўрилган номзод билан муроса йўлини танлаб, 10 йилдан кейинги мусобақани ўзида ўтказиш учун катта қадам ташлаган эди.

Германия ҳозирга қадар 2 марта Жаҳон чемпионати ва 1 марта Европа чемпионатини ўзида қабул қилган. Туркияда эса бундай йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш тажрибаси йўқ.

Сайлов кампанияси давомида немислар УЕФАни ўз мамлакатининг барқарор ва хавфсиз экани, Европа Иттифоқига аъзо экани ва қитъа марказида жойлашгани бутун Европадан ташриф буюрадиган мухлисларга қулайлик туғдиришини катта устунлик сифатида кўрсатиб келди. Ўз навбатида, Туркия томони 2008, 2012 ва 2016 йилги Европа чемпионатлари мезбонлиги учун курашда қатнашиб, имкониятни бой бергани туфайли қитъа футболининг бош ташкилоти ниҳоят ушбу мамлакатга ишонч билдиришидан умид қилмоқда.

Жумладан, Туркия Евро-2016 мезбонлиги учун сайловда биргина кам овоз тўплаган ҳолда Францияга имкониятни бой берган эди. УЕФАнинг ўша вақтдаги президенти Мишель Платини бунда асосий тўсиқ бўлгани айтилган. Шундан сўнг Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳукумати 2020 йилда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ва ёзги Олимпиада мезбонлиги учун курашларни ҳам муваффақиятсиз якунлади.

Германия расмийлари давлатнинг ижтимоий соҳадаги сиёсати туркларникига қараганда анча демократик ва очиқроқ руҳда эканини таъкидлаб келишди. Хусусан, икки давлатнинг тайёргарлиги тўғрисидаги УЕФА ҳисоботида ҳам Туркияда «инсон ҳуқуқлари борасида ҳаракатлар режасининг мавжуд эмаслиги эътиборга олиниши керак бўлган омил» экани қайд этиб ўтилган.

Таъкидлаш ўринлики, тарихда илк маротаба йирик футбол мусобақаси мезбонини аниқлаш мезонлари орасига инсон ҳуқуқлари таъминотининг даражаси ҳам киритилди. Евро-2024ни ўзида ўтказиш учун УЕФАга ариза билан чиққан мамлакатлардан БМТнинг «Бизнес ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги асосий принциплар»и бўйича ҳам ҳисобот тақдим этиш сўралди.

Фото: Getty Images

Иккала номзод ҳам 51 та ўйиндан иборат бўладиган мусобақа учун 10 тадан стадионни тақдим этган.