18:07 / 27.09.2018
20690

Хоразмда интернет трафик ўғриси қўлга тушди

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида бир неча йиллар давомида интернет трафик ўғирлаш билан шуғулланган шахс ушланди, деб хабар беради Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Фуқаролар томонидан интернет трафикларининг тўсатдан йўқолиб қолаётгани тўғрисида шикоят тушганидан сўнг, кибержиноятчиликка қарши курашувчи ходимлар томонидан олиб борилган текширув-суриштирув ишлари жараёнида Урганч шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган Й.А. кирдикорлари фош этилди.

Аниқланишича, ахборот ва компьютер технологияси «устамони» 2012 йилнинг декабрь ойидан 2018 йилнинг июнь ойигача бўлган давр оралиғида 58 нафар фуқаронинг модем ва уяли телефонлари махфий паролларини бузиб, қарийб 13,5 миллион сўмлик интернет трафикини ўғирлаб келган.

Бу ҳолат юзасидан Й.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда, «KUN.UZ» таҳририяти интернетдан фойдаланувчи ҳамюртларимизга Wi-Fi модемларига зинҳор оддий паролларни ўрнатмаслик, уларни иложи борича мураккаб, яъни катта-кичик ҳарф ва рақамларнинг аралашувидан иборат қилиш, шунингдек, интернетдан фойдаланилмаётган пайтда модемни ўчириб қўйишни тавсия қилади.

Top