Жаҳон | 09:51 / 27.09.2018
15602
2 дақиқада ўқилади

Нетаньяху: Ил-20 воқеаси «анча жиддий» оқибатларга олиб келиши мумкин эди

Фото: Associated Press

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг маълум қилишича, Россияга тегишли Ил-20 самолётининг Сурияда қулаши «анча жиддий оқибатларга» олиб келиши мумкин эди. Бу ҳақда у АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашувдан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда Исроилнинг Kan радиоси.

«Россия самолётининг қулаши жуда жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин эди», - дея Нетаньяхунинг сўзлари келтирилади.

Шу билан бирга, Исроил бош вазири ўз баёнотини аниқлаштиришдан бош тортган.

Радиостанция манбасининг хабар беришича, Нетаньяху ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида яқинда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда эҳтимолий учрашув масаласи кўтарилган. Шунга қарамай, тахминий сана ва жой маълум қилинмаяпти.

Аввалроқ Haaretz газетаси Россия расмийлари Москвада Ил-20 ҳалокатидан кейин Исроил сиёсатчилари делегациясини қабул қилишдан бош тортгани ҳақида хабар берганди. Шунга қарамай, Кремль бу маълумотларни рад этди. 

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Исроил Россиянинг С-300 зенит ракета комплекслари Сурияга етказиб берилишидан ташвишга тушиб қолгани ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид