Яқинда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор муҳим қонун лойиҳалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабр) ратификация қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжанова. 

Нурия Айтжанова

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида парламент қуйи палатасига киритилган.

Хўш, мазкур халқаро ҳужжатни ратификация қилишдан кўзланган мақсад нима? У Ўзбекистонга нима беради?

Шу ўринда, аввало, масаланинг моҳияти хусусида.

БМТ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1°C га ортган. Ўзбекистонда эса худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6°С га (13,2 дан 14,8 °С га) кўтарилди. Яъни, исиш жадаллиги глобал масштабда кузатилаётган ўртача суръатдан юқори. Сабаби, юртимиз иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил мамлакатлар қаторига киради.

Ҳозирги кунда бутун дунёда таъсири сезилаётган ушбу экологик муаммонинг сабаби атмосферада иссиқхона газлари миқдорининг ортишидир. Бу, экспертлар фикрича, қурғоқчилик натижасида сув ва озиқ-овқат танқислиги хавфининг ошишига, йил мобайнида жазирама давр давомийлигининг ортиши ва кучайиши натижасида аҳоли ўртасида касалликларнинг кўпайишига, шунингдек, бошқа турли хавфли табиат ҳодисалари – сел, тошқинларнинг тез-тез такрорланишига олиб келади. Экотизимлар ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатадиган иқлим ўзгариши муаммосини жаҳон ҳамжамияти инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда.

Шу боис иқлим ўзгариши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида 2015 йил 12 декабрда Франция пойтахтида ўтказилган БМТ Иқлим ўзгариши доиравий конвенцияси (БМТ ИЎДК) томонлари конференциясининг 21-сессиясида Париж битими қабул қилинди. У 2016 йил 4 ноябрда кучга кирди ва 2020 йилдан бошлаб амалга оширилади.

2017 йил 19 апрелида БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида Ўзбекистон Париж битимини имзолади. Битимни имзолаш учун БМТ ИЎДК Котибиятига иссиқхона газлар ташланмаларидаги миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссасини камайтириш тўғрисида ҳужжат тақдим этилди. 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан ЯИМ бирлигига 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда.