Туркманистон бош вазири ўринбосари Пурли Агамурадов Душанбе шаҳрига етиб келди. Бунгача МДҲ давлатларининг бошқа вакиллари Тожикистон пойтахтида йиғилиб бўлишганди. 

Соат 10:30да Душанбе шаҳридаги «Кўҳи Сомон» саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида президентларнинг тор доирадаги учрашуви бошланди.

Тожикистондаги саммитда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон етакчиси Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Молдова раҳбари Игорь Додон, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Россия етакчиси Владимир Путин, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов эса айни вақтда БМТ Бош ассамблеясининг 73-сессияси доирасида Нью-Йоркда бўлиб турибди. Унинг номидан саммитга бош вазири ўринбосари Пурли Агамурадов келган. Украина вакили саммитда йўқ.

Дастурга кўра, МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси дастури бўйича кенг доирадаги учрашувлар ҳамда ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтади.

Соат 14:00да «Боғи Эрам» паркида сиёсатчилар учун фуршет ташкил этилади. Соат 15:00да президентлар Душанбени тарк эта бошлашади. Беларусь президенти Александр Лукашенко эса яна бир кун Тожикистонда бўлади. Лукашенко ва Имомали Раҳмон Турсунзодага ҳам ташриф буюриб, ТАЛКО фаолиятини ҳамда маҳаллий узумзорларни кўздан кечириши режалаштирилган.