Ўзбекистон | 14:36 / 28.09.2018
7716
4 дақиқада ўқилади

Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш аукцион асосида бизнесга ўтади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларни бириктириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низом;

жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун хизматлар кўрсатиш бўйича намунавий оммавий шартнома тасдиқланди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда:

санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларга бириктирилган ҳудудлар ихтисослаштирилган ташкилотларнинг махсус автотранспорт воситаларининг юк ташиш қуввати бириктирилган ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва ўз вақтида олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг зарур сифатини таъминлашга мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказилишини ва ўрганиб чиқилишини;

хатлов натижалари бўйича санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларга бириктирилган ҳудудлар ихтисослаштирилган ташкилотларнинг махсус автотранспорт воситаларининг ҳақиқий қувватини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилишини ва қайта кўриб чиқиш натижаси бўйича бўшаган участкалар «Е-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали электрон аукцион воситасида танлов савдоларига қўйилишини таъминлайдилар.

Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича хизматлар кўрсатишни ташкил этиш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ариза берувчи қуйидаги мажбурий талабларга мувофиқ бўлиши керак:

юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжудлиги;

танлов ҳужжатларига мувофиқ ҳудудга тўлиқ хизмат кўрсатиш учун юк ташиш қувватини таъминлаб берадиган, талаб этиладиган миқдордаги техник соз чиқинди ташиш машиналарининг мавжудлиги;

юкларни ташиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун амалдаги лицензия ва аризада кўрсатилган ҳар бир транспорт воситасига лицензия карточкасининг мавжудлиги (Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари бундан мустасно);

буюртманома тақдим этилиши санасида ариза берувчига нисбатан тугатиш жараёни ўтказилишининг мавжуд эмаслиги;

буюртманома тақдим этилиши санасида суд органларининг ариза берувчининг ночор (банкротлиги) ва/ёки фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарорининг мавжуд эмаслиги.

Ариза берувчи:

электрон танловда иштирок этиш учун бошқа ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун фойдаланишда бўлган чиқинди ташиш машиналарини кўрсатган ҳолда ариза беришга;

танлов таклифига аввалги электрон танловлар натижаси бўйича ушбу Низомга мувофиқ унга бириктирилган ҳудуд учун аризада кўрсатилган айнан ўша чиқинди ташиш машиналарини киритишга ҳақли эмас (ҳудудни бириктириш муддатининг якунланиши ёки ариза берувчининг ушбу ҳудуддаги фаолияти тўхтатилиши ҳоллари бундан мустасно).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид