Бу шанба ўзгача бўлади. Рим ва Мадрид дербиларидан тортиб, Англияда ва Италияда чемпионлик пойгасига катта таъсир кўрсатадиган ўйинларнинг ҳаммаси мана шу бир кунда бўлиб ўтиши оқшомимизни ҳақиқий футбол байрамига айлантириб юборса керак. Келаси ҳафта ЕЧЛ ўйинларининг борлиги бунга сабаблардан биридир, зеро шу ушбу мусобақада қатнашувчи топ клубларнинг ўйинлари шанбага белгиланган. Қуйида бизни кутиб турган футбол шанбаси ҳақида батафсил маълумот берамиз.

РОМА – ЛАЦИО (29 сентябрь, 18:00)

Бу рақиблар, бу ўйин ҳақида анонс бераётганда жамоаларнинг имконияти, турнир жадвалидаги ҳолати ҳақида ортиқча гапларнинг ҳожати йўқ. Римнинг икки клуби бир пайтда юқори ўринлар учун даъвогарлик қилишлари камдан кам кузатилади – гоҳ «Рома», гоҳ «Лацио» барқарорликни намойиш этади ва ўша пайтда қўшни жамоа қандайдир муаммолар гирдобида қолган бўлади. Аммо ҳар мавсум, ким қаерда эканидан қатъи назар Рим дербиси ўта қизғин, кескин, муросасиз ва эсда қоларли ўтишини таъкидлаш керак. Охирги 18 дербининг 7тасида «Рома», 6тасида «Лацио» ғалаба қозонгани юқоридаги фикрларни исботлаб турибди. Зеро сўнгги йилларда «Рома» «Лацио»дан кўра анча ишончли ва кучли кўринмоқда, лекин шу ҳам дербидаги мувозанатга таъсир қила олмаган.

«Рома» куни кеча ниҳоят аутсайдер «Фрозиноне» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Унгача қаторасига 6 ўйинда ғалаба нималигини билмай келган жамоа учун дерби олдидан жуда фойдали ғалаба бўлди деб айтиш мумкин. «Лацио»да эса, ишонч борасида ҳаммаси жойида – Индзаги шогирдлари охирги беш ўйинда (бир ўйин Европа Лигасида) фақат ғалаба қозониб келмоқда. Мавсум бошида «Ювентус» ва «Наполи»дан мағлубиятга учраган «Лацио» сентябрни мана шундай кўтаринки руҳда ўтказди.

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (29 сентябрь, 19:15)

Испанияда нафақат «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинлар, балки бу грандларнинг «Атлетик»ка қарши ўйинлари ҳам «Классико» номини олган. Чунки айнан шу уч жамоа Испания чемпионатининг энг бошидан буён узлуксиз равишда юқори дивизионда ўйнаб келишмоқда.

Аввалги Классикода «Атлетик» «Реал»ни қабул қилди ва шу ўйинда мадридликлар илк бор очко йўқотишди. Энди эса, имтиҳон навбати «Барселона»да. Вальверде учинчи бор «Барселона»ни собиқ жамоасига қарши майдонга бошлаб тушади. Ўтган икки ўйинда ҳам каталонияликлар 2:0 ҳисобларида устун келишган.

Умуман олганда, «Атлетик» «Барселона» учун қулай рақиб, сўнгги ўн йилда бильбаоликлар жамоаси атиги 3 марта «Барселона»ни мағлубиятга учратишган бўлишса, буларнинг иккитаси суперкубок ва кубок ўйинларига тўғри келади. Лекин айнан ўша суперкубок ўйини, эсингизда бўлса, «Атлетик»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашув барчанинг ёдида қолган бўлиши табиий.