Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбе шаҳрида МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқи ЎзА томонидан эълон қилинди. Қуйида унинг тўлиқ матни келтирилади.

Ҳурматли Эмомали Шарипович! 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари! 

Бугунги учрашувимизнинг барча иштирокчиларини самимий қутлаш ва Тожикистон Республикаси Президенти, муҳтарам Эмомали Шарипович Раҳмонга анъанавий самимий меҳмондўстлик ва ушбу мажлисни юксак даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз. 

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиш даврида тожик биродарларимиз тузилмамиз доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида самарали ишларни амалга оширганини алоҳида қайд этишни истардим. 

Ҳурматли ҳамкасблар! 

Дунёда рўй бераётган жадал ўзгаришлар, тобора авж олиб бораётган глобал таҳдид ва хатарлар шароитида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда ва ўзининг зарур тузилма эканини тасдиқламоқда. 

Ўтган йил мамлакатимизнинг МДҲ доирасидаги фаолиятида мутлақо янги босқични бошлаб берганини алоҳида қайд этишни муҳим деб биламан. 

Ўзбекистон иқтисодиёт, энергетика, илм-фан ва инновация, жиноятчиликка қарши кураш каби соҳаларни қамраб олган ўндан зиёд тармоқ бўйича ҳамкорликка қўшилди. 

Ташкилотимизнинг 2020 йилда бўладиган навбатдаги Саммитини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр эканимизни тасдиқлаймиз. 

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари! 

Кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг энг долзарб ва истиқболли йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. 

Биринчи. Жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб жараёнлар, "савдо урушлари" кескинлашиб, протекционизм кучайиб бораётган бугунги шароитда МДҲ эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритиши ва ўзаро бозорларни шакллантириш ҳал қилувчи масалаларга айланиши лозим. 

Фақат йилнинг бошидан буён Ўзбекистон ва Ҳамдўстликнинг кўпчилик мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми сезиларли даражада ўсди.