Жамият | 16:20 / 30.09.2018
127432
2 дақиқада ўқилади

Иштихон туманида мудҳиш автоҳалокат: уч теримчи аёл нобуд бўлди, бири шифохонада оғир аҳволда

Самарқанд вилояти, Иштихон тумани ҳудудидан ўтувчи М-37 магистралида 29 сентябрь куни эрта тонг 06:45 да мудҳиш автоҳалокат юз берган.

М-37 магистрали бўйлаб Бухородан келаётган «Дамас» автомашинаси йўл четида пахта теримига кетаётган тўрт нафар аёлни уриб юборган. Воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишича, «Дамас» ҳайдовчиси рулда ухлаб қолган.

Афсуски, аёллардан «Жўра Маҳмудов» маҳалла фуқаролари йиғинида истиқомат қилиб келган уч нафари воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Kun.uz мухбирининг воқеа гувоҳларидан суриштириб ўрганишича, вафот этган аёллар — Янгиобод кўчасида истиқомат қилиб келган, 1961 йилда туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси, нафақахўр М.М., Пахтакор кўчасида яшаб келган, 1972 йилда туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси, вақтинча ишсиз М.Н., Осуда кўчасида истиқомат қилиб келган, 1991 йилда туғилган, ишламасдан, 1 нафар ёш боласи тарбияси билан шуғуланиб келган А.М. бўлишган.

Уларнинг дафн маросими кечанинг ўзидаёқ бўлиб ўтган.

Воқеада яна бир жабр топган аёл — «Кўтарма» МФЙ Қаландар қишлоғида истиқомат қилувчи, 1999 йилда таваллуд топган, 9 август куни турмушга чиққан Дурдона Тиркашева Иштихон туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида ётибди.

Врач Қиличбой Эгамқуловнинг мухбиримизга айтишича, беморнинг аҳволи оғир.

Д.Тиркашеванинг тоғаси Абдукарим Тиркашевнинг мухбиримизга маълум қилишича, жияни унинг қўлида катта бўлган ва ўзи яқинда уни турмушга узатган. У кутилмаган фожиа туфайли оғир аҳволга тушиб қолган жувонни даволаш учун воқеа айбдорларининг қариндошларидан ҳеч ким хабар олмаётганини айтиб ўтди.

Воқеа юзасидан Иштихон туман ИИБ жиноят иши қўзғаган. Ишга оид айрим очиқ тафсилотларни аниқлаш учун тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Иштихон туман ИИБ терговчиси Ғ.Достоновни топишнинг имкони бўлмади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид