Бу ерда бугун Самарқанддаги Ислом Каримов кўчасида дамланган бир тонналик ош, уни нима мақсадда дамлашгани, ташаббус кимдан чиққани, қанақа масаллиқлар ишлатилгани, кимлар ва қандай пиширгани ҳақидаги репортаж бўлиши мумкин эди.

Эди! Лекин бўлмайди. Ош борасида сизга маълум қилишимиз бўлган ягона нарса — уни Мурод Ражабов муаллифлигидаги «Ошга марҳамат» ток-шоусида ош пишириш бўйича чемпион бўлган самарқандлик ошпаз Абдуманнон пиширди. Унинг ҳаттоки фамилиясини аниқлашнинг ҳам иложи бўлмади.

Мазкур мақола асосан ўша ошпазнинг фамилиясини аниқлаш нега иложсиз бўлгани ҳақида.

Ҳаммаси оддий — ош пишириш жараёнини яқиндан суратга олиш ва интервью уюштириш учун Самарқанд вилоят ИИБ ходимлари журналистларни, жумладан, мени ҳам қўйишмади. Қозонга яқинлаштиришмади, қисқаси.

Узоқдан, томошабин одамларнинг ичидан туриб ишлашга маҳкум бўлдик.

«Кимдан рухсат олишим керак, яқиндан бемалол ишлашим учун, айтинглар ахир?!», деб савол бердим тартиб посбонларига. «ЖТСБ бошлиғи Убайдулла акадан», дейишди. Убайдулла акани шу атрофда турган тўрт-беш чоғли милиция ходимидан суриштирдим. «Фуражкада юрибди, шу ерда», дейишди. Фуражкали бошлиқ эса ҳадеганда кўриниш бермасди…

Наҳотки, ҳаммасининг қўлида рация бўлган милиционерлар бошлиғига алоқага чиқиб, рухсат ё тақиқ олиб олишни уддалай олишмаса? Наҳотки, буларга фикрлаш шу қадар чеклаб қўйилган? Наҳотки, Самарқандда ички ишлар органи ходимлари шу қадар журъатсиз?

Энг ҳайратланарлиси, «нега қўймаяпсизлар ўзи?» — деб сўрасам, «вилоят ИИБ бошлиғи (Азиз Тошпўлатов!) шахсан ўзи келиб қозонни очиб беради, унгача ҳеч кимни яқинлаштирмаслик тайинланган», деган жавобни олдим. Ол-а!!! 

Тўғри, мен эътирозлар билдирдим ва ош пиширилаётган жойни мақолани айнан мана шу кўринишда ёзишни айтиб ва кўнгилга тугиб тарк этдим.

Тўғри кейинроқ, мен кетганимдан кейин нималардир бўлган шекилли, қозон бошидан туширилган суратлар интернетда тарқала бошлади. Аллақайси мулозим ҳозир ушбу мақолани ўқиб, «Кўп бошни гангитмасдан ўша тарқалган расмлар ва видеолардан фойдаланса бўлар эди-ку?» дейиши мумкин.

Шундайлар учун бир неча пунктларда бу нарса Kun.uz сиёсатига нега тўғри келмаслигини тушунтираман: