Ўзбекистон | 17:16 / 02.10.2018
249673
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Гулнора Каримова ва унинг қизи ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг набираси Имон Каримова мамлакатни ҳеч қандай тўсқинликсиз тарк этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Instagram /iman.k17

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова 28 сентябрь куни Тошкентдан Лондонга учиб кетганди. У Тошкент-Лондон йўналиши бўйича парвоз қилган «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг HY201 рейсига ўтириш талони тасвирланган суратни Instagram’даги саҳифасида эълон қилган.

"Имон Каримова Ўзбекистондан чиқиб кетганлигини ва бунинг учун ҳеч бир расмий тўсқинлик йўқ эканлигини тасдиқлаймиз", - деди Бош прокуратура матбуот хизмати вакили.

Унинг маълум қилишича, Имон Каримованинг онаси - Гулнора Каримова эса қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ёзида Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишининг баъзи жиҳатларини очиқлаган эди. Маълум бўлишича, у 2015 йилнинг августида қатор молиявий жиноятларда айбдор деб топилган ва 5 йилга шартли равишда озодликдан маҳрум этилган.

«Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Каримова ўзи айбланган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди ва унга беш йилга озодликни чеклаш тарзидаги жазо белгиланган», - дейилганди Бош прокуратура хабарида.

Шунингдек, Имон Каримованинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилган суратга кўра, у Лондондаги London school of economics’да таҳсил олишни бошлаган.

Маълумот учун, Имон Каримованинг акаси, Гулнора Каримованинг ўғли - кичик Ислом Каримов ҳам Лондонда истиқомат қилади.

Мавзуга оид