2017 йилнинг 30 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан эди. Орадан роппа-роса бир йил ўтди. Бу муддат янги тизим фаолиятига назар ташлаш учун етарли, бизнингча. Хўш, мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъул этиб белгиланган Мактабгача таълим вазирлиги ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада уддалай олмоқда?

Аввало, вазирлик мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга масъулдир. Шу туфайли соҳадаги ягона давлат сиёсатини юритаётган муассаса боғча ёшидаги болаларнинг МТМга қамраб олишдан манфаатдор. Вазирлик иш бошлаган илк кунларданоқ, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар айрим тўловлардан озод этилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилик муносабатларини янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори боғчалар сонини оширишда муҳим роль ўйнади. Шу йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, хусусий боғча ташкил этган тадбиркор барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан (ЯИТдан ташқари) озод этилди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Ўзбекистонда биринчи марта барча МТМларга мавзувий режалаштирилган таълим дастури тарқатилди. Таълим жараёнига энди кириб келаётган кичик ёшли болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойили асосида ишлаб чиқилган янги дастур «Илк қадам» деб номланди.

Умуман олганда, давлат талабларида кичик ва мактаб ёшигача бўлган болаларни беш йўналишда ривожлантириш кераклиги кўрсатилган. Бу беш йўналишни ривожлантириб, бола 4 компетенцияга эга бўлади ва 1-синфга чиқишга мотивация олади.

Муҳим янгиликлардан яна бири – гуруҳлардаги болалар сони 25 кишидан ошмаслиги белгилаб қўйилди. Бу чекловни амалиётга жорий этиш мақсадида EMIS электрон тизими ҳам йўлга қўйилди. 2021 йилга бориб мамлакатдаги барча МТМ гуруҳларида болалар сони шундай бўлади.

Ўтган 27 йил давомида мактабгача таълим тизимидаги тарбиячилар ва МТМ ходимларининг тариф ставкаси бирор марта оширилмаганди. 2018 йилнинг март ойида Мактабгача таълим вазирлиги биринчи марта педагогларнинг базавий тариф ставкаларини 30 фоизга ошириш таклифи билан чиқди. Шу йилнинг сентябридан олий маълумотга эга педагоглар учун базавий тариф ставкалари яна 30 фоизга оширилди. 

Вазирлик эндигина фаолият бошланганида болаларни мактабгача таълим жараёнига қамраб олиш 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 34 фоизга етди. Аммо қарийб 1 млн 600 нафардан зиёд бола мактабгача таълимга қамраб олинмаган. Уларнинг тақдири қандай кечмоқда? «Kun.uz» мухбири шундай болаларнинг ота-оналаридан баъзилари билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритди.