Сергей Шаталов / Фото: KUN.UZ

Ўзбекистоннинг амалдаги Солиқ кодексида қатор солиқ тушунчалари, жумладан солиқ ставкаси, солиқ имтиёзи каби қатор тушунчаларга изоҳ берилмаган. Солиқ соҳасида халқаро эксперт ҳисобланган россиялик Сергей Шаталов Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган давра суҳбатида шундай фикрни билдирди, деб хабар қилмоқда Kun.uz мухбири. 

У Ўзбекистон солиқ имтиёзлари ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоиздан ортиқ эканини билдирар экан, бу тизимли муаммолардан бири эканини таъкидлади. Россия Федерациясининг Солиқ кодексини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган мутахассис “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш” мавзусида маъруза қилди. Шаталов солиқ ислоҳотларини амалга оширишда хорижий мамлакатлар тажрибаси ва бу борада Ўзбекистон солиқ соҳасидаги тизимли муаммоларни таҳлил қилиб берди.

Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда солиқ имтиёзлари ҳаддан ортиқ бўлиб, бу тизимли муаммоларнинг энг йирикларидандир. Солиқ имтиёзлари жуда кўп қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади ва тақдим этилади. Яъни,

  • Солиқ кодексининг 300дан ортиқ моддаси;
  • Президент томонидан имзоланган 650дан ортиқ ҳужжат;
  • Ҳукуматнинг 100дан ортиқ қарори;
  • 22та маъмурий ҳужжатлар.

Шаталовнинг айтишича, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 4 фоиздан ортиғини ташкил этувчи солиқ имтиёзлари нима учун берилганига эса, жўяли жавоб йўқ. У самарадорлик учун тақдим этилган дейилса, ўша соҳаларда ўсиш кўзга ташланмайди, тенг рақобат муҳити дейилса, асосан хорижий сармоядорларга имтиёз берилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар унутилган. Бу, ўз навбатида, маҳаллий тадбиркорнинг маблағини хорижга олиб чиқиб, хорижий сармоядор сифатида қайта инвестиция қилишига замин бўлмоқда.  

Бундан ташқари, миллий солиқ қонунчилигида ҳам қатор бир-бирига зид жиҳатлар бор. Қолаверса, турли хил солиқ норматив ҳужжатлар ҳаддан ортиқ бўлиб, Солиқ кодексида солиққа тортилувчи база ва ставкаларни ҳисоблаш қоидаларига ойдинлик киритилмаган.  Натижада олдиндан тахмин қилиш ёки барқарор солиққа тортиш имконини бермайди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси / Фото: KUN.UZ