Жаҳон | 15:37 / 06.10.2018
13000
3 дақиқада ўқилади

АҚШда собиқ ҳарбий Трамп ва Путинга заҳарли конвертлар жўнатганини маълум қилди

Заҳарли рицин моддаси олинадиган канакунжут уруғлари солинган конвертларни жўнатгани учун Логан шаҳрида қўлга олинган америкалик шахс АҚШ президенти Дональд Трамп, Россия раҳбари Владимир Путин ва Буюк Британия қироличаси Елизавета II’га конверт жўнатганини билдирди.

Юта штати округ федерал судига келиб тушган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Уильям Клайд Аллен исмли бу шахс илгари АҚШ ҲДКда хизмат қилган ва 2002 йилда хизматдан бўшаган. Унинг манзили Трампга жўнатилган конвертда ёзилган бўлган. 3 октябрь куни ФҚБ ходимлари Алленнинг уйига келиб тинтув ўтказган ва уни сўроқ қилган.

Уильям Клайд Аллен
Фото: AP

Аллен Трампдан ташқари, Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис, ҲДК штаб бошлиғи адмирал Жон Ричардсон ва ФҚБ директори Кристофер Рейга мактуб жўнатганини айтган. У шунингдек, заҳарли уруғлар солинган конвертлар адлия вазири, бош прокурор, Россия президенти ва Буюк Британия қироличасига ҳам жўнатилганини билдирган.

Аллен бу ҳаракатини "мактуб юбориш" истаги билан изоҳлаган. Нима учун бундай мактуб юборганига эса изоҳ беролмаган. Унинг айтишича, барча мансабдорларнинг манзилларини интернет орқали топган. Уруғларни ҳам интернет орқали сотиб олган.

Унга заҳарли моддани қўллаш билан таҳдид қилиш айблови қўйилган. Аллен илгари ҳам ҳукумат назоратига тушган. У 2015 йилда МРБга хат йўллаб АҚШ президентини ўлдиришини айтган, 2017 йилда эса АҚШ ҲҲКнинг Техасдаги базасида теракт уюштириш билан таҳдид қилган. Ҳар икки ҳолатда у билан ҳукумат вакиллари суҳбат олиб боришган.

Сешанба куни Пентагонга Мэттис ва Ричардсонга жўнатилган мактублар келиб тушганди. Мудофаа вазирлиги ходимлари конвертларни текшириб уларда рицин борлигини маълум қилишди. Кейинроқ конвертлар ичида рицин эмас, ушбу заҳар олинадиган канакунжут уруғи борлиги маълум бўлди.

АҚШ махфий хизмати ҳам Трампга шубҳали конверт келганини билдирди. Бундан ташқари, республикачи-сенатор Тед Круз штабининг икки ходими унга келган ичида оқ кукун бўлган конвертни текширишганидан сўнг касалхонага ётқизилганди.

Мавзуга оид