Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 9 августдаги «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-5017-сон фармойишига мувофиқ вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига уланиши таъминланган. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан «Ijro.gov.uz» тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 800 дан ортиқ қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан тест режимида тизимли назорат олиб борилмоқда. 

Шу билан бирга, яратилган шароитларга қарамасдан, айрим вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро интизоми назоратини сифатли ва самарали ташкил қилиш, шунингдек, ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳанузгача талаб даражасида йўлга қўйилмаяпти, дейилади ҳужжатда. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари ва топшириқларига риоя этиш масалаларида масъулиятсизлик ва расмиятчилик ҳолатлари учрамоқда, жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш борасидаги чоралар самарасизлигича қолмоқда, иш юритишнинг ички жараёнларини автоматлаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти, шунингдек, ижро интизомига консерватив-буйруқбозлик билан ёндашилишига йўл қўйилмоқда. 

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, «Ijro.gov.uz» тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ijro.gov.uz» тизимини доимий асосда техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи орган ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари махфийлик белгиси остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари маълумотлар базасини юритиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун масъул;