Жамият | 12:30 / 10.10.2018
4952
4 дақиқада ўқилади

«Ёшлар бандлиги масаласи ҳал этилса, сиёсий фаоликка эришилади»

Мамлакатнинг эртанги кунини ҳал қиладиган куч бу – ёшлардир! Ёшларга оид давлат сиёсати эса жамиятда ёшларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишида, йигит-қизлар манфаатини кафолатлашда бош мезон ҳисобланади.

Дунё аҳолисининг қарийб 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Ўзбекистонда эса, бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиши ёшларни халқимиз, давлатимизнинг бебаҳо бойлигига айлантирган.

Хўш, жойларда 17 миллион нафардан ортиқ ёшларнинг манфаати, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлиги, хоҳиш ва истаклари, бир сўз билан айтганда жамиятнинг барча бўғинларида ёшларга оид давлат сиёсатининг изчил амалга оширилишида турли вазирликлар, идора ва ташкилотлар томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шериклик масалалари қандай йўлга қўйилган?

Шу каби масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва ечимини топиш мақсадида жорий йилнинг 9 октябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ижтимоий шериклик масалалари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг «Ёшлар қанотлари» билан ҳамкорликда жойларда ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланишида мутасадди идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги натижадорлигини танқидий муҳокама қилиш, шунингдек, республикада амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ва тадбиркорликка ёшларни кенг жалб этиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олишда биргаликда курашиш каби долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари ёшлар масалаларига доир олиб борилаётган амалий ишлар юзасидан тақдимот намойиш этишди.

«Ёшларимизнинг сиёсий фаолликларини ошириш учун Қонун муҳокамалари жараёнларига уларни ҳам кенг жалб этишимиз, ёшларга оид қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар шарҳи билан мунтазам равишда таништириб боришимиз керак. Шунингдек, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этиш орқали ҳам сиёсий фаоликка эришилади. Ёшларнинг иш ўринлари сонини оширишга қаратилган таклифлар ва лойиҳаларни Ёшлар иттифоқи ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Барча имкониятларни яратиб беради. Фақатгина ёшлардан ташаббус ва ҳаракат бўлса бас», дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев.

Тадбир давомида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласида ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичлари, инновацион шериклик муносабатлари бўйича амалий таклифлардан иборат «йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Қонунларнинг муҳокама жараёнларида ёшларнинг бевосита иштирок этиши уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилиб, сиёсий билимларини оширмоқда. Бугунги ёшларимиз қонунларни қабул қилиш жараёнларидаги баҳс-мунозараларни китобдан эмас, бевосита ўз фикрлари билан баён эта олиши керак. Мазкур ҳамкорлигимиз ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юксалтириш, ва ёшларга оид қонунларнинг ижросидаги самарадорлигини оширишга ҳисса қўшади», — дейди Қонунчилик палатаси депутати Козим Тожиев.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда сиёсий партияларнинг «Ёшлар қанотлари» ҳамкорилигида амалга ошириладиган ишлар келгусида албатта ўз самарасини беради.

Шаҳноза Нуруллаева

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид