15:44 / 12.10.2018
9131

Бутунжаҳон шахмат Олимпидасида муносиб иштирок этган спортчилар тақдирланди

Ўзбекистон Шахмат федерациясида Грузиянинг Батуми шаҳрида 23 сентябрь 6 октябрь кунлари бўлиб ўтган 43-Бутунжаҳон шахмат Олимпидасида муносиб иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда спортчилар, шахмат федерацияси мутасаддилари ҳамда ушбу спорт мухлислари иштирок этди. 

Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган эркаклар ва аёллар терма жамоа аъзоларига мақтов ёрлиқлари топширилди.

Шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари мусобақада 36-ўрин билан старт олиб, 11 тур натижаларига кўра, 16-ўринни қайд этди. Эркаклар ўртасидаги(Open) баҳсларда дунёнинг 180 мамлакатидан 918 нафар спортчи иштирок этди. Бундан олдин, эркаклар терма жамоасининг энг юқори натижаси 1992 йил Филиппинда ўтказилган Олимпиадада 2-ўрин бўлган, 2000 йил Туркияда ўтказилган Олимпиадада 11-ўрин, 2006 йил Италиянинг Турин шаҳрида ўтказилган Олимпиадада 14-ўринни эгаллаган эди. Эркаклар терма жамоаси аъзоси 16 ёшли Нодирбек Яқуббоев халқаро гроссмейстерлик унвонининг иккинчи талабини бажарди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари 31-ўрин билан стартни бошлаб, мусобақа якунига кўра, 17-ўринни эгалладилар. Ушбу натижа Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасидаги энг юқори натижасидир.

Мазкур мусобақада аёллар ўртасидаги баҳсларида 151 мамлакатдан 747 нафар спортчи иштирок этди.    

Аёллар терма жамоаси рейтинг категорияси бўйича (“Б” гуруҳда) олтин медални қўлга киритди.

Бундан олдин 1996 йил Ереванда ўтказилган Жаҳон Шахмат Олимпиадасида аёллар терма жамоаси 19-ўринни қайд этган эди. 

Терма жамоаси аъзоси Гулруҳбегим Тоҳиржонова муносиб иштирок этиб, халқаро тоифадаги спорт устаси талабини бажарди. Шунингдек, Ирина Геворгян терма жамоанинг юқори натижани қайд этишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Мусобақада аёллар терма жамоасининг фаворит Россия терма жамоасини мағлуб этиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. 

Мусобақа давомида ФИДЕ Конгресси ташкил этилиб, унда Халқаро Шахмат Федерацияси раҳбар органига ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Халқаро Шахмат Федерацияси президентлигига Аркадий Дворкович, ФИДЕнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича 3.4. минтақаси президентлигига Ҳусан Турдиалиев қайта сайланди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида, дунёнинг энг ёш гроссмейтерларидан бири Нодирбек Абдусатторов бир вақтнинг ўзида 20 нафар рақибга қарши шахмат сеанси ўтказди. Шундан сўнг ёш халқаро гроссмейстер ўзи муносиб деб топган рақибларига Ўзбекистоннинг етакчи суғурта компанияларидан бири ҳисобланувчи «Gross Insurance» компаниясининг эсдалик совғаларини топширди.

 

 

Top