Тўлов-контракт қачондан ошади?
Давлат қабул комиссиясининг 2018 йил 4 июлдаги 2-сон баёнининг 12-иловаси билан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ОТМларда битта талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш миқдорлари тасдиқланган эди. Илк марта тўлов-контрактлар энг кам иш ҳақи миқдорига боғлаб қўйилганди.
Демак, энг кам иш ҳақи ошса, контракт ҳам худди шунча фоизга ошади.
Фақат кўпчилик бир қоидадан бехабар. Худди шу ҳужжатнинг иловасида изоҳ сифатида айтилганки, республикада энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари оширилганда мос равишда тўлов-контракт қиймати миқдорлари навбатдаги семестр бошидан ошириб борилади.
Бу нима дегани?
Бу шуни англатадики, контрактлар баҳорги семестрдан, яъни март ойидан ошади, кузги семестрга тўланган контракт учун қўшимча тўлов тўлаш шарт эмас.
Агар кимдир контрактини олдиндан 1 йиллик тўлаб қўйган бўлса ҳам, барибир 2-семестр учун юзага келган фарқни қўшимча тўлов қилишига тўғри келади.
Ҳисоб-китоб қандай бўлади?
Ҳисоб-китоб қандай бўлишига қуйида бир мисол келтирамиз.
Айтайлик, ОТМда тўлов-контракт ЭКИҲнинг 45 баробари, яъни бугунги кунда 8 млн 293 минг 500 сўм. Кейинги семестрдан худди шу контракт 9 млн 122 минг 850 сўм бўлади.
Демак, талаба 1-семестрда 8.293.500 сўмнинг ярмини, яъни 4.146.750 сўм тўлайди. 2-семестрда эса 9.122.850 сўмнинг ярмини, яъни 4.561.425 сўм тўлайди. Натижада ушбу талаба учун 1 йиллик контракт миқдори 8 млн 708 минг 175 сўмга тўғри келади. Бу дегани контракт миқдорлари 10 фоизга эмас, балки 5 фоизга ошади.
ОТМларда тўлов-контракт қийматининг семестрлар кесимида миқдори (бакалавр, кундузги мисолида):

Кимгадир фойда, кимгадир зиён
Бир қарашда контракт миқдорининг ошиши барча учун моддий зарар келтирадигандек кўринади. Ахир контракт ошади-ю, чўнтакка зиён бўлмайдими?
Бироқ математик ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, стипендия ва контрактлар ошиши талабаларнинг 4 ёки 5 баҳо оладиган қатлами учун фойдали бўлган.














