УЕФА Миллатлар лигасида 4-тур баҳслари старт олди.

Уч кун давом этадиган тур беллашувларининг биринчи кунида Италия терма жамоаси сафарда Польшани мағлуб этди. Биринчи бўлимда меҳмонлар поляклардан кўра фаолроқ ўйнашди, мезбонлар Жанлуижи Даннарум қўриқлаган дарвозага дастлабки 45 дақиқаликда бирорта ҳам аниқ зарба йўллай олгани йўқ.

Иккинчи бўлимда иккала жамоада ҳам гол уриш учун яхши имкониятлар бўлди, шунга қарамай ўйин голсиз дуранг билан тугаши ҳам мумкин эди. 92-дақиқада Кристиано Бираги рақиб дарвозасини ишғол этиб, Италияга Миллатлар лигасидаги илк ғалабани тақдим этди.

«Скуадра адзурра» кечаги рақиби билан биринчи турда ўз майдонида дуранг қайд этган эди (1:1). Шу тариқа, итальянлар ҳисобидаги очколар сони 4 тани ташкил этди ва жамоа энг камида «А» дивизионидаги ўрнини сақлаб қолди. Польша эса мусобақанинг энг юқори лигасидан «B» дивизионига ўтадиган бўлди.

Қайд этиш жоиз, ушбу ўйинда Италия 6 ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига барҳам берди. Жамоа сўнгги марта май ойида Саудия Арабистони билан ўйинда (2:1) ғолиблик нашидасини сурган эди. Бу бош мураббий Роберто Манчинининг иккинчи ғалабаси бўлди.

Польша – Италия 0:1 (0:0, 0:1)
Гол: 0:1 – 90 Бираги.
Польша – Шченсни, Беднарек, Глик, Берешиньски, Реца (Енджейчик, 87), Шиманьски (Гросицки, 46), Гуральски, Зелиньски, Линетти (Блашчиковски, 46), Милик, Левандовски.
Италия – Доннарумма, Кьеллини, Бонуччи, Бираги, Флоренци (Пиччини, 84), Кьеза, Верратти, Бернардески (Лазанья, 81), Барелла, Инсинье, Жоржиньо.
Огоҳлантириш: Жоржиньо (31).

Фото: Twitter/ @azzurri

Россия терма жамоаси Миллатлар лигасидаги учинчи ўйинида иккинчи ғалабасини қўлга киритди. Руслар Сочида Туркияни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида устун келишди. Ҳар иккала бўлим ўрталарида киритилган биттадан гол мезбонларга 2:0 ҳисобидаги ғалабани келтирди.

ЖЧ-2018 мезбони илк турда Туркия майдонига сафар қилиб, 2:1 ҳисобидаги муваффақият билан қайтган, 12 октябрда эса Калининградда Швецияни мағлуб эта олмаган эди – 0:0.  Шу тариқа, 3 ўйинда 3 очко жамғарган Туркия энди Россия терма жамоасидан (7 очкога эга) ўзиб кета олмайди, ҳозирча 2 ўйинда 1 очко билан 3-ўринни эгаллаб турган Швеция олдиндаги икки баҳсда ғалаба қозониб, гуруҳ ғолиблигини қўлга киритиш имкониятини сақлаб қолмоқда.