Миллатлар лигасида чоракфинал баҳслари драмаларга бой бўлди. Италия Германия билан ўйинда учта гол фарқини йўққа чиқарди, аммо икки ўйин натижасига кўра қолиб кетди (1:2, 3:3), Испания ва Нидерландия икки ўйинда ҳам дуранг ўйнади (2:2, 3:3) ва футбол лотереясида испанларга омад кулиб боқди, биринчи ўйинда Данияга ютқазиб қўйган (0:1) португаллар, жавоб ўйинида асосий вақтда мувозанатни тиклади (3:2) ва овертаймларда яна иккита гол урди, биринчи ўйинда Хорватияга ютқазган (0:2) Франция эса ўз уйида шу ҳисобда ғалаба қозонди ва пеналтилар сериясида аниқроқ ҳаракат қилиб, яримфиналга ўтди.

Энди яримфиналда Франция Испания, Португалия Германия билан ўйнайди.

Италияликлар 0:3 ҳисобидан кейин камбэк қилиб ҳам яримфиналга чиқолмади. Германияга Трент услубидаги бурчак зарбаси ёрдам берди

Миллатлар Лигаси. 1/4 финал
Жавоб ўйинлари. 23 март
Германия — Италия 3:3
Голлар: Киммих (30, пеналти), Мусиала (36), Кляйндинст (45) — Кен (49, 69), Распадори (90+5, пеналти). 
Германия — Бауманн, Та, Рюдигер (Биссек, 77), Шлоттербек, Киммих, Штиллер (Гросс, 63), Горетцка (Амири, 63), Миттелштедт, Сане (Адейеми, 63), Мусиала (Андрих, 77), Кляйндинст. 
Италия — Доннарумма, Гатти (Политано, 46), Буонжорно, Бастони, Ди Лоренцо, Барелла, Тонали (Распадори, 68), Риччи (Заккани, 85), Удожи, Кен (Лукка, 85), Малдини (Фраттези, 46). 
Огоҳлантиришлар: Гатти (21), Штиллер (22), Буонжорно (29), Адейеми (68), Бастони (79), Кляйндинст (79). 
Биринчи ўйин — 2:1.

Италия немислар билан ўйиннинг биринчи бўлимидан кейин 0:3 ҳисобида ортда бораётганди, иккинчи бўлимда эса учта гол билан жавоб қайтарди, аммо якунда икки ўйин натижасига кўра (1:2, 3:3) барибир турнирни тарк этди. Куннинг энг ёрқин голи – Трент Александер-Арнолд услубидаги бурчак зарбасидан кейин шу ўйинда урилди. Жанлуиджи Доннарумма жамоадошларини жарима майдони бўйлаб жойлаштириш билан бандлигида, Жамал Мусиала Йозуа Киммиҳнинг узатмасидан кейин тўпни бўш дарвозага йўллади.

Киммиҳ немисларнинг икки ўйиндаги барча голларида иштирок этди. Жавоб ўйинида у аввалига пеналтидан ҳисобни очди, кейин бурчак зарбасини ижро этишда италияликларни доғда қолдирди, бўлим охирида эса форвард Тим Кляйндинстга ҳам учинчи голни уришда ёрдам берди.