Ўзбекистон | 10:18 / 15.10.2018
33957
2 дақиқада ўқилади

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи. Неча млрд долларлик келишувлар имзоланади?

Фото: Sputnik

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида 20 миллиард долларлик ҳужжатлар тўплами имзоланиши режалаштирилган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор манба Kun.uz мухбирига маълум қилди.

Тошкентда бир қатор икки томонлама ҳужжатлар, шу жумладан, 2024 йилгача иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро дастур имзоланади.

Владимир Путин 18-19 октябрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Аввалроқ, у Шавкат Мирзиёев билан бўлган музокаралардан сўнг «қўшма ҳукуматлараро ва тижорий ҳужжатларнинг салмоқли тўплами» имзоланиши ҳақида баёнот берганди.

Унинг сўзларига кўра, Мирзиёев билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик форумида иштирок этишни, шунингдек, «Росатом» томонидан Ўзбекистондаги биринчи АЭС қурилишига старт беришни режалаштирмоқда.

Россия президентининг қўшимча қилишича, Ўзбекистон - РФнинг стратегик ҳамкори ва иттифоқдоши, икки томонлама муносабатлар эса сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий, маданий-гуманитар каби барча муҳим соҳаларда чуқурлашиб бормоқда.

2017 йилда Россиянинг Ўзбекистон билан товар айланмаси 3,651 миллиард долларга тенг бўлиб, 2016 йилга нисбатан 33,96 фоизга ошди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи санаси маълум бўлганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид