Facebook асосчиси Марк Цукерберг инсониятнинг умумий мақсади ва билимлар иқтисодиёти ҳақида сўзлайди, шунингдек ижтимоий тармоқларни деб одамлар реал ҳаётда мулоқот қилмай қўйганидан норози бўлаётган танқидчиларнинг танбеҳларига жавоб беради.

Цукербергда аутизмнинг енгил версияси ҳисобланган Аспергер синдромининг баъзи белгилари кузатилмоқда. Айтишларича, унда одамлар билан мулоқот қилиш билан боғлиқ муаммолар бор — бу айниқса ўзи ва бошқалар ҳис-туйғуларини ифодалашда яққол сезилади. Шуниси қизиқки, Цукерберг айнан бутун дунё одамларига танишиш имконини бериш орқали бойиган. Лекин шу билан бирга, унинг ишланмаси туфайли биз эртадан кечгача ўз гаджетларимизга термулиб ўтирамиз ва ҳозир ўзаро мулоқотларимизнинг катта қисми реал ҳаётда кечмаяпти.

Қандай бўлмасин, Марк Цукерберг - дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири. Унинг бизнеси аллақачон дўстона ёзишувлар учун ижтимоий тармоқ даражасига кўтарилган. Facebook — улкан шахсий маълумотлар базаси, ўтган баҳорда Cambridge Analytica билан боғлиқ можаро вақтида бунга ҳамма ишонч ҳосил қилди.

2013 йилда Цукерберг internet.org ташаббуси ҳақида эълон қилди. Унинг мақсади — бутун дунё бўйлаб миллиардлаб кишиларни интернетга кириш имкони билан таъминлаш. "Тасаввур қилинг, фермерга об-ҳаво ҳақидаги маълумотни ёки оддий дарсликлари бўлмаган болалар учун электрон энциклопедия ўқиш қанчалик қизиқ бўлади", - дейилади internet.org сайтида. Ўз навбатида, тасаввур қилинг, 5 миллиард киши у туфайли интернетга кириш имконига эга бўлса, Facebook аудиторияси қанчалик кенгаяди!

Умуман олганда, Марк Цукербергни ёмон ниятда айблаб бўлмайди. У Билл Гейтсга тенглашмоқда: Giving Pledge ташаббусига қўшилди ва ўз бойлигининг 99 фоизини "инсон салоҳиятини кенгайтириш ва тенгликни тарғиб қилиш"га сарфлашни режалаштиришмоқда. Кўпчилик интернетга тобелик деб атайдиган нарсани эса билимлар иқтисодиёти қурилиши дея изоҳлайди. Forbes бизнинг одатларимизни ўзгартирган ва онлайн-ҳаёт асосичиларидан бири бўлган Марк Цукербергнинг қизиқарли фикрларидан парчалар келтирди.

Фото:  AP/FOTOLINK

Мен учун Facebook доим одамларни англатган. Кўпчилик буни эрмак, қисқа муддатли машғулот деб ҳисоблаганди, шу боис мен уни шунчаки ёрдамчи дастур деб атадим. Шу билан бирга, мен тармоқни яратиш ва муносабатлар ўрнатиш - одамлар учун асосий машғулотлардан бири экани ҳамда бу қисқа муддатли эрмак эмас, барча замонлар учун долзарб восита эканини кўрсатишга ҳаракат қилдим. Жамоани бошқараётганингизда қандайдир улкан мақсадни кўзлаш керак эмас, шунчаки фойдали ва узоқ муддатли ихтиро қилиш керак.