Инсон матонатининг чек-чегараси йўқ. Бошига тушган ташвишларга, жисмидаги оғир дард сабабли келаётган азобларга бардош беради. Бундай букилмас ирода соҳибларини кўриб, Яратганнинг қудратига тан бермай илож йўқ.
KUN.UZ манзилига йўлланган навбатдаги хайрия мурожаати сабабидан Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани сари сафарга отландик. Бу тумандаги Дўстлик кўчаси, 40-уйда истиқомат қилувчи Ильдар Нигматулин 1,5 йилдирки саратон хасталигидан азоб чекмоқда. Устига-устак бу дард сабаб пастки жағ қисмидан ажралган.
Youtube'да кўриш
Facebook'да кўриш
“Бу касаллик аввалига Ильдарнинг юзида оддий ҳуснбузар сингари пайдо бўлди. Биз ҳам бунга деярли эътибор қаратмадик. Секин-аста бу яра катталаша, сўнгра қаттиқ оғриқ бера бошлади. Шу сабабли Тахтапулдаги шифохонага бордик. Фойдаси бўлмади. Кейин Тошкентдаги шифохоналардан бирида онкологияга қарши даволаниб чиқдик. Вазият оғирлашса оғирлашди, фойдаси бўлмади. 3 маротаба операция, 2 марта кимёвий нурланиш натижасида 31 та нур қабул қилди. Нураб кетаётган пастки жағ қисми учун бир неча марта кўкрак тарафларидан терилари кўчириб ўтказилди. Ҳамма жойи чандиқ бўлиб, қўрқинчли ҳолатга келди”, дейди абгор ҳолатда қолган онаси Савия опа.

KUN.UZ сайтига келган ушбу мурожаат муаллифлари Ильдарнинг оила-аъзолари ва интернет блогерлари эди. Бу савобли ишни бошлаган инсон эса оиланинг дўсти - Зарема Илясова экан. У киши билан суҳбатлашганимизда қуйидагиларни сўзлаб берди: “Ильдарнинг ҳолатидан хабар топганимдан сўнг, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан ёрдам сўрадим. Чунки бизда буни даволашнинг иложи йўқлиги ҳақида хулоса олганимиздан сўнг, россиялик шифокорлар билан алоқага чиқдик. Улар ҳолатни кўриб операция натижасига кафолат йўқ, деб айтишди. Шундан сўнг, ҳиндистонлик шифокорлар билан боғландик. Тахминий бошланғич суммани 12 630 доллар сифатида кўрсатишди. Қўшимча харажатлар билан 15 000 доллар атрофида пул кетар экан. Гуруҳлар админлари қўлларидан келганича ёрдам беришмоқда. Ҳозирча 10 000 доллар атрофида маблағ йиғилди. Қолган маблағни ҳам тезроқ йиғиш лозим. Йўқса, кеч бўлиши мумкин. Ўзим шифокор бўлганим учун биламан.



















