Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2018 йилнинг III чораги учун республика аҳолиси ва корхоналарининг инфляцион кутилмалари ҳақидаги ҳисоботни эълон қилди.

Жорий йилнинг III чорагида иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра инфляциянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган ва кутилаётган даражаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, йилнинг биринчи ярмидаги пасайишдан сўнг мазкур кўрсаткичлар июль ойидан бошлаб ошиб борди, дейилади Марказий банк ахборотида.

2018 йилнинг июль-сентябрь ойларида аҳоли томонидан сезилган қисқа муддатли инфляция индексида кўтарилиш кузатилди.

Хусусан, июль ойида индекснинг бир ойлик ўсиши 20 фоизни ташкил этган бўлса, август ойида деярли ўзгаришсиз қолди, сентябрда эса ўсишни давом эттириб, 580 бандга тенг бўлди.

Юридик шахслар томонидан сезилган инфляция индекси эса сентябрда июнь ойига нисбатан 31 фоизга ошиб, 508 бандни ташкил этди.

Шу билан бирга, жорий сезилган инфляция индекси йил бошидаги кўрсаткичларга нисбатан паст даражада бўлса ҳам унинг ўсиш динамикаси давом этмоқда, бу ўз навбатида келгусидаги инфляцион кутилмаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Сентябрь ойида сўровда иштирок этган жисмоний шахслар «қайси асосий товар ва хизматларнинг нархи юқори даражада ошди?» саволига асосан помидор, мол гўшти, гуруч ва қўй гўштини белгилаган. Шунингдек, ушбу ойда аввалги ойлардан фарқли равишда картошка, буғдой уни, нон, товуқ гўшти, сабзи нархлари ошганини кўрсатган респондентлар улуши сезиларли даражада ортган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан «ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларнинг таннархи ошишига қайси омиллар юқори даражада таъсир кўрсатди?» саволига асосан хом ашёлар нархи, транспорт ва ишчи кучи харажатлари қайд этилган.

Шунингдек, сентябрь ойида кузатилган валюта алмашув курсининг кўтарилиши ушбу ойда маҳсулотлар таннархи ошишининг асосий омилларидан бири бўлди.