Бугун, 17 октябрь куни Қримдаги Керчь шаҳрида жойлашган политехника коллежи талабаси Владислав Росляков оммавий қотиллик содир этиб, 18 кишини ўлдирди. У бироз олдинроқ 12 калибрли қуролдан фойдаланиш учун рухсатнома олгани маълум бўлди. Бу воқеа яна бир бор қуролдан эркин фойдаланишга рухсат берилиши нечоғлиқ тўғри экани борасидаги мунозараларни кун тартибига чиқарди. 

Вақти-вақти билан бундай янгиликлар бутун дунё оммавий ахборот воситаларининг бош саҳифаларини эгаллаб олади. Фақат ҳудуд, аёвсиз ўқ отувчи шахс ва ҳалок бўлганлар сони ўзгаради холос. Бундай янгиликларни кузатганлар онгида дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлмиш АҚШда оммавий отишмалар кундалик ҳолатга айланиб қолган деган тушунча ҳам шаклланиб улгурган.

Хўш, аслида ҳам шундайми? Нега бир қарашда оддий инсонлар айтарли бир сабабсиз бу қадар даҳшатли қотилликларга қўл уришади?

Бу мавзуга оид воқеалар шу қадар кўпки, АҚШда аниқ мақсадсиз ва бир уринишда энг кўп одам ўлдирганлар рейтинги ҳам тузилган ва бу ўнлик қуйидагича кўриниш олган:

10. Колумбайн, 1999 йил, 20 апрель. Қурбонлар сони 13 нафар

Эрик Ҳаррис (18 ёш) ва Дилан Клиболд (17 ёш) ўз мактабларида оммавий қирғин уюштиради. Улар 13 кишини ўлдириб, 23 кишини яралашади ва отишма якунида ўз жонларига қасд қилишади. Ҳаррис ва Клиболд компьютер ўйинларини кўп ўйнашар, ўзлари ҳам отишмалардан иборат ўйинлар яратишга интилишарди. Ўша пайтлардаёқ психологлар ўсмирларнинг компьютер ўйинлари орқали реал ҳаётдан узоқлашаётгани ҳақида бонг уришганди.

9. Эдмонд почтасидаги отишма, 1986 йил, 20 август. Қурбонлар сони 14 нафар

Почтанинг оддийгина ходими Патрик Шеррилл учта пистолетни олганича ўзига танбеҳ берган раҳбари Ричард Эссерни излаб йўлга тушади ва уни топиб шу ернинг ўзида отиб ташлайди. Яна бир бошлиқни топа олмагани алам қилгани туфайли бошқаларни ҳам ота бошлайди ва алалоқибат 10 дақиқа ичида 14 кишини ўлдириб, 6 кишини қаттиқ яралашга ҳамда ўзини ҳам отиб ташлашга улгуради.

8. Сан-Бернардино, 2015 йил, 2 декабрь. Қурбонлар сони 14 нафар

Фото: Ведомости

Экстремистлар жуфтлиги Сайид Ризвон Фаруқ (28 ёш) ва Ташфин Малик (27 ёш) жисмоний имконияти чекланган кишилар марказига бостириб киришди ва тадбирда тўпланиб турган одамларга қарата тўсатдан ўт очишди. 14 киши ўлдирилади, 22 киши яраланади. Полиция автомобилда қочган жуфтлик ортидан тўрт соат таъқиб қилади ва охир-оқибат улар ўлдирилади.