Ўзбекистонда 2019 йил охиригача 13та янги олий таълим муассасаси ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов  Norma портали мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йилда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 103 мингдан ортиқ талаба қабул қилинган. 

2019 йил охирига қадар 13та янги олий ўқув юрти фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, 8та хорижий олий таълим муассасаси филиали, 22та қўшма факультет, 46та қўшма таълим дастурини («double degree») ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда «Янги мутахассислар янги иқтисодиёт учун» мавзуида Ўзбекистон-Россия таълим форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Россиянинг 82та ва Ўзбекистоннинг 80та олийгоҳи ректорлари қатнашмоқда. Форум якунларига кўра, икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича 134 меморандум, келишув ва шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, келгусида бундай таълим форумлари Франция, Германия, Япония, Туркия, ХХР, Жанубий Корея ва Ҳиндистон мамлакатлари билан ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.