Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда энг талабгир авиайўналишлар рейтинги: Ўзбекистон етакчига айланди
Октябрь - янги йил учун чипталарни аввалдан брон қилиш учун энг фаол ойлардан бири. «Туту.ру» таҳлилчилари дастлабки бронлаш натижаларини эълон қилишди, дея хабар беради Life.
Маълум бўлишича, Европага янги йил чипталари учун талаб россияликлар орасида деярли 20 фоизга камайди, аммо энг кутилмаган ҳолат - биринчи марта Ўзбекистон энг машҳур йўналишлар рейтингида етакчига айланди.
Турли тахминларга қарамай, қишки байрамлар учун Европага чипталар ўртача 2%га арзонлашди. Узоқ хориж мамлакатларига ўртача чек 1%га ошди. Россия бўйлаб авиачипталар 7 фоизга қимматлади. Қўшни мамлакатларга янги йил учун авиачипта нархлари ўртача 10%га ўсди.

«Қизиғи шундаки, янги йилни кутиб олиш учун энг оммабоп мамлакатга Ўзбекистон айланди, бу давлат ўтган йили рейтингнинг еттинчи поғонасидан жой олганди. У ерга ўтган йилга қараганда икки баравар кўп чипта сотилди. Иккинчи ўрин Германияда, учинчи Чехия. Ўтган байрам таътилларида Германия, Чехия ва Молдова етакчилик қилганди. Ҳозирда сўнгги давлат тўққизинчи ўринга тушиб кетди. Арманистон ва Грузиянинг машҳурлиги ортиб бормоқда», - дея таъкидлаб ўтишган «Туту.ру»дан.
Марказий Осиёдаги кутилмаган етакчи ҳақида тўхталиб, экспертлар статистика кўп жиҳатдан янги йил таътиллари пайтида уйига кетадиган, сўнг Россияга қайтиб келадиган меҳнат мигрантларига боғлиқ эканини билдиришди. Бошқа бир қисми - сайёҳлар бўлиб, улар дам олиш, диққатга сазовор жойларни томоша қилиш, Чимёнда чанғида учиш ва маҳаллий таомлардан баҳраманд бўлиш мақсадида бу мамлакатга сафар қилишяпти.