Лиза Бреннан-Жобснинг отаси Стив Жобс билан мураккаб муносабатлари ҳақидаги Small Fry китобидан парчалар MakeRight.ru'да тақдим этилди.

Стив Жобс дунёга келганида унинг ота-онаси ёш бўлган. Отаси - суриялик Абдулфаттоҳ Жандалий Висконсин университетида ўқитувчи ёрдамчиси бўлиб ишлаган, худди шу олийгоҳнинг магистратура бўлимида эса Стивнинг онаси - Жоан Шибле таҳсил олган. Жуфтлик молиявий жиҳатдан мустақил бўлмаган, Жоаннинг ота-онаси бу никоҳга мутлақо қарши бўлишган, отаси ҳатто йигит билан алоқани узмаса, уни меросдан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган.

Жоан болани Сан-Францискодаги хусусий шифокор ҳузурида дунёга келтириб, уни Пол ва Клара Жобслар қўлига топширган. 30 йил ўтиб, Стив Жобс ўзининг биологик ота-онасини излаб топган, бироқ у Пол ва Кларани ҳақиқий ота-онаси деб билган. Зеро улар оддий одамлар (Пол - автомеханик, Клара - ҳисобчи) бўлишига қарамай, унга кўп нарсани ўргатишган. Шундан бўлса-да, Стив ўз ота-онаси ундан воз кечганини унута олмаган ва бу унинг атрофдаги одамлар билан муносабатларига катта таъсир кўрсатган.

Ота ва қиз тарихи

Рассом Крис Бреннан Стив Жобснинг биринчи муҳаббати бўлган, улар 1972 йилда Купертинодаги ўрта мактабда танишишган. Крис бир гуруҳ дўстлари билан мультфильм ишлаш билан шуғулланган. Тез орада Стив унга эътибор қаратиб, ёрдам бера бошлади. Улар тоғли ҳудуддан ижарага уй олишган. У пайтлар Жобс Стивен Возняк билан blue box қурилмаларини сотган, бу қурилмалар ёрдамида бутун дунё бўйлаб бепул қўнғироқларни амалга ошириш мумкин бўлган. Крис Бреннаннинг оиласидаги шароит носоғлом бўлган, отаси кўпинча сафарда бўлар, онаси эса руҳий жиҳатдан носоғломлиги сабаб қизи билан ёмон муносабатда бўлар эди.

Ёш Жобс онасининг эшиги тагига қизига меҳрли бўлишни сўраб хатлар қолдирган, бироқ бу ёрдам бермаган. Тез орада Жобс энг қиммат ва нуфузли Рид коллежда ўқиш истагида Орегонга йўл олган. Маълум бир муддат улар алоқада бўлишган, кейин эса Крис бошқа йигит билан учраша бошлаган. Стив коллежни тарк этган. Криснинг хиёнати унга оғир ботган ва бу уларнинг кейинги муносабатларига таъсир кўрсатмай қолмаган.

Маълум бир вақт ўтгач, улар яна учраша бошлашган. Иккиси ҳам алоҳида Ҳиндистонга бориб, "ашрам"ларда яшашга улгурган, айрилиқдан сўнг икки йил ўтган бўлган. Бу вақтга келиб Жобс ва Возняк Купертинода ягона офисга эга Apple компаниясига асос солишган. Крис қадоқлаш бўлимида ишга жойлашган. Улар умумий келажак режаларини  қуришмаган.