Ироқ парламенти янги бош вазир Адел Абдул Маҳдий вазирлар маҳкамасининг 14 нафар вазирини тасдиқлади. Бу ҳақда Rudaw телеканали хабар бермоқда.

Бугунги кунга қадар лавозимга киришишни кутган Маҳдий, мамлакат янги президенти Барҳам Солиҳ томонидан тайинланди. Душанба куни тайинланган бош вазир ўз кабинетининг таркибини парламентга овоз бериш учун тақдим этди.

Телеканал маълумотларига кўра, парламент пайшанба куни овоз бериш жараёнини якунлади ва 23 вазирдан 14 нафарини тасдиқлади. Вазирлар маҳкамаси аъзоларининг ярмидан кўпроғи маъқуллангани сабабли, Маҳдий қасамёд келтирди ва расман бош вазир лавозимини эгаллади.

Хабар қилинишича, мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига Муҳаммад Али ал-Ҳаким, Нефть вазирлигига Тамир ал-Гадбан бошчилик қилади. Солиҳнинг президентлик лавозими учун асосий рақиби бўлган Фуад Ҳусайн янги молия вазири бўлди.

Ироқ вазирлар маҳкамасида 23 ўрин бор, одатда улардан 12таси шиаларга, олтитаси суннийларга, тўрттаси курдларга ва биттаси христианларга берилади, дея таъкидлайди телеканал. Ёзилмаган қоидага кўра, 2003 йилдан бери Ироқда шиалар вакили бош вазир, суннийлар вакили парламент спикери, курдлар вакили эса президент бўлиб келади.