Ўзбекистон | 15:49 / 26.10.2018
23799
2 дақиқада ўқилади

Президент: «Мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши»

Юнусобод тумани Боғишамол маҳалласида жойлашган 74-мактабгача таълим муассасаси жорий йилда реконструкция қилиниб, замонавий таъмирланди. Машғулот хоналари болалар тарбияси учун зарур, бежирим ва қизиқарли инвентарлар билан жиҳозланди. Ошхона ва спорт зали янгидан қурилди. 

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, бугунги кунда муассасада 375 та бола таълим-тарбия олмоқда. 

Президент боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди.

Биз учун биринчи ўринда болаларимизнинг маънавияти, билими, соғлиги. Шунинг учун давлат томонидан мактабгача таълимга катта эътибор бериляпти ва бу ҳали бошланиши. Сизларнинг вазифангиз болаларнинг кўзидаги нурни илғаб олиш, уларга яхши тарбия бериш, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати ва уларни ривожлантиришга оид лойиҳалар намойиш этилди. Давлат раҳбари бу борадаги таклифларни маъқуллаб, хусусий шерикчилик асосида янги боғчалар қуриш, болаларни қамраб олишни кенгайтириш ва келгусида юз фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.

Шу ерда Жанубий Кореянинг Пучон университети раҳбарлари билан видеоконференция орқали мулоқот қилинди.

Президент боғча тарбияланувчиларига совғалар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирзиёев Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналиши қурилишини кўздан кечирганди.

Мавзуга оид