Ўзбекистон | 09:31 / 26.10.2018
4611
3 дақиқада ўқилади

Республика кимё заводларининг устав капиталидаги давлат улуши хусусий инвесторларга сотилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, «Ўзкимёсаноат» АЖнинг қуйидаги таклифларига розилик берилмоқда:

•  «Самарқандкимё» АЖ, «Электркимёзавод» ҚК АЖ ва «Жиззах пластмасса» АЖнинг устав капиталидаги давлат улуши ва «Ўзкимёсаноат» АЖ улушини, шунингдек, «Фарғонаазот» АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини, шу жумладан, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан, хусусий инвесторларга бозор қийматида сотиш;

•  «Ўзкимёсаноатлойиҳа» АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини номинал қийматда ва «Навоий КМК» ДКнинг Қизилқум фосфорит комбинати мулк комплексини қолдиқ баланс қийматида «Ўзкимёсаноат» АЖ устав капиталига давлат улуши сифатида киритиш;

•  «Фарғонаазот» АЖнинг 3-сон саноат майдончасидаги умумий майдони 6,5 гектар бўлган фойдаланилмаётган объектларни (цехлар, объектлар ва уларга туташ ҳудудлари билан) инвестиция мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан «ноль» қийматида сотиш;

•  инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан капролактам ишлаб чиқариш чиқиндиларини утилизация қилиш ва қайта ишлаш учун беғараз топшириш юзасидан патентланган технологияга эга бўлган «ECO TECH GROUP» ҚК МЧЖ билан инвестиция келишувини тузиш;

•  2020 йилдан бошлаб «Ўзкимёсаноат» АЖ таркибига кирувчи акциядорлик жамиятлари томонидан йиллик молиявий ҳисоботларни эълон қилиш ва уларни Халқаро аудит стандартлари ва Халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларига мувофиқлиги юзасидан ташқи аудитдан ўтказиш тартибини жорий этиш;

•  2021 йилга қадар халқаро тажрибага асосланиб инвестиция ва ишлаб чиқариш жараёнларини, моддий ва молиявий ресурсларни бошқариш бўйича ахборот тизимларини, самарадорликни ошириш кўрсаткичларини қўллаган ҳолда ходимлар меҳнатини рағбатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид