Вазирлар Маҳкамаси Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритди, деб ёзмоқда Norma.
Эслатиб ўтамиз, Табиий газдан фойдаланиш қоидалари Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган. Президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ–5409-сон Фармони қабул қилиниши муносабати билан ва истеъмол қилинадиган табиий газ учун ўзаро ҳисоблашиш тизимини янада такомиллаштириш зарурати сабабли Қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шартномалар янгича тузилади
Илгари истеъмолчи ва газ таъминоти ташкилоти газ етказиб бериш бўйича шартномани тузиш чоғида Қоидалар билан тасдиқланган шартнома (намунавий шартнома) бланкасини далил бўйича тўлдиришлари ва имзолашлари керак эди.
Бунда истеъмолчи фаолиятининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда шартномага жиддий ишлов беришга тўғри келар, вазият анча мураккаблашар эди. Қўшимча битимлар тузишга тўғри келар эди. Қоидаларга киритилган ўзгартиришлар ҳисобга олинса, намунавий шартнома томонлар имзолайдиган ҳужжатни тузиш учун фақатгина бошланғич нуқта вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, энди намунавий шартнома «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Мажбурий ижро бюроси, Ўздавнефтгазинспекция ва Давлат рақобат қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Шартноманинг намунавий шакли Қоидалари иловалардан чиқариб ташланди.
Хатловдан ўтказиш далолатномасини унутманг
Газ ҳисоблагичини алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиш чоғида энди хатловдан ўтказиш далолатномаси тузилади. У табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини давлат қиёсловидан ўтказиш учун ечиб олиш санасида тузилади. Маиший истеъмолчида ҳисобга олиш прибори мавжуд бўлмаганда хатловдан ўтказиш далолатномаси 3 йилда камида 1 марта тузилади.
Газдан фойдаланганлик учун қачон тўлиқ ҳақ тўланади?
Қоидаларга кўра илгари фақат ўзбошимчалик билан уланганлик далили аниқланган тақдирда тармоққа уланган газдан фойдаланиш ускунасининг бир суткада тўлиқ қувват билан 24 соат ишлаши ҳисобидан келиб чиқиб истеъмол қилинган табиий газ ҳажмларининг қиймати истеъмолчилардан ундирилиши мумкин эди. Энди ушбу амалиёт қуйидаги ҳолларда ҳам қўлланилади:















