Жаҳон | 08:02 / 27.10.2018
13680
2 дақиқада ўқилади

Германия нефть танқислигига дуч келди

Фото: REUTERS/Wolfgang Rattay

Германия баъзи федерал ерларни ёнилғи билан таъминлаш учун нефтнинг стратегик захирасидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда Германия иқтисодиёт вазири маълум қилди.

Муаммо қурғоқчил ёз сабабли юзага келган. Бунинг оқибатида Германиянинг бош дарёси Рейнда сув сатҳи пасайган. Дарё шунчалик саёзлашиб кетганки, нефть танкерлари тўлиқ юкланганда у орқали ўтолмай қолган.

Стратегик захирадан 84 минг тонна бензин, 180 минг тонна дизель ёқилғиси ва 67 минг тонна авиацион керосин олинади. Ҳукуматнинг баёнотига кўра, гап узоқ давом этувчи инқироз ҳақида кетмай, стратегик захирадан ёнилғини фақат баъзи ерларгина олади. 

Германия стратегик захирасида 24 млн тонна нефть хомашёси ва нефть маҳсулотлари сақланади. Бу захира эвазига фавқулодда вазиятда 90 кун давомида автотранспорт иши, ҳаво ташувлари ва кимё саноати учун хомашё етказиб берилишини таъминлаш мумкин.

Мамлакатда ушбу захира 40 йил аввал тўплана бошланган. Шу вақт ичида ундан 3 мартагина фойдаланилган: Ироқдаги уруш, Ливиядаги инқироз ва АҚШдаги “Катрина” довули вақтида. 

Мавзуга оид