Вазирлар Маҳкамасининг 25.10.2018 йилдаги 866-сон қарори билан республика аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш чора-тадбирлари қабул қилинди, деб ёзмоқда Norma.
Ҳужжат аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш, ички ва ташқи бозорларга йил давомида маҳсулот етказиб бериш юзасидан мониторинг олиб бориш ва назоратни йўлга қўйиш, нарх-наволар асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида қабул қилинди.
2019 йил 1 январдан бошлаб ички истеъмол бозори озиқ-овқат ресурсларини ишлаб чиқариш ва ишлатишнинг прогноз кўрсаткичлари орқали ижтимоий аҳамиятга эга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлана бошлайди. Бозорнинг таъминланиш даражаси озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт қилиш ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда баҳоланади. Бундай баҳолаш тартиби бир ой муддатда тасдиқланиб, амалиётга жорий этилади.
Қишлоқ хўжалиги экинларини вилоятлар, туманлар ва фермер хўжаликлари бўйича жойлаштиришда прогноз кўрсаткичлари ҳисобга олинади.
2018/2019 йиллар қиш ва баҳор мавсумига тайёрлов, шунингдек «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси ҳудудий ташкилотлари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари муассасалари томонидан захирага жамғариладиган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (картошка, пиёз, сабзи, гуруч) прогноз ҳажмлари тасдиқланди. Ҳажмлар ҳар бир вилоят кесимида кўрсатилган.
Тегишли тузилмалар раҳбарларига ўз ташкилотларининг эҳтиёжлари учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз вақтида харид қилиш юзасидан топшириқ берилди. Бунинг учун 1 ноябрга қадар ишлаб чиқарувчилар, тайёрлов ташкилотлари ва юқорида кўрсатилган ижтимоий соҳа муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри контрактация (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш) шартномалари тузилиши таъминланади.
Шунингдек 1 ноябрга қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳажмларига мос омборхоналар ва совитиш сиғимлари хатловдан ўтказилади.
Қуйидагилар озиқ-овқат захиралари ҳажмларини таъминлаш учун молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
• «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, шунингдек вилоятлар ҳокимликлари томонидан жалб этилган тайёрлов ташкилотлари учун – хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз айланма маблағлари ва тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари;

















