Қайсидир бир камчилик, кутилмаган ҳолат ёки бир онлик зиддият туфайли истеъфога чиқишлар (ёки чиқарилишлар) ҳақида хориж хабарларида эшитардик. Бу ҳолат энди Ўзбекистонда ҳам кузатила бошланди. Охирги жиддий истеъфо бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ўз вазифасидан четлатилиши бўлди.

Таъкидлаш керак, жамият уйғонаётганининг, оммавий ахборот воситаларининг кечагидек ўз қобиғига ўралиб олмаганлигининг ўзига хос рамзи бўлди бу ҳолат. Олти кишининг сувга туширилиши ва айбдорларча бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалиши билан бу воқеага алоқадор миш-мишлар ҳам урчий бошлади. Дастлаб бу воқеа водийда юз бергани тўғрисида хабарлар берилди. Кейинчалик Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида юз бергани маълум бўлгач, олтовлоннинг қандай қилиб сувга тушиб олишгани масаласи қалқиб чиқди ва бири-биридан кулгилироқ ҳамда ақлбовар қилмас маълумотлар тарқалди.
Олти кишининг ўзаро баҳс бойлашиб, сувга тушиб олганлари тўғрисидаги бемаъни фикрдан кейин туман ҳокимлиги расмийлари бир киши ортидан қолганлар ҳам сувга тушганлари ҳақидаги гапга ҳаммани ишонтиришга уринишди ва айбдорлар жазоланганини билдиришди.
Лекин ҳамма бу жазо юқоридан, анчагина юқоридан – ҳудудни текшираётган бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев томонидан берилганлиги ва унинг ўзи жараённи бевосита кузатиб турганларидан бохабар бўлиб улгурганди.
Бўлар иш бўлди. Мажбурий меҳнатга қарши давлат даражасида кураш кетаётган бир пайтда ҳамма президент ва ҳукуматнинг бу ҳолатга муносабатини кута бошлади.
Натижа кўп куттирмади – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 29 октябрь куни имзоланган «Барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида» фармон мазмунини кенг жамоатчилик, хусусан барча ҳудудий раҳбарлар, ташкилот, идора ва тузилма бошлиқларига етказиш бўйича видеоселектор бўлиб ўтди. Йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Зойир Мирзаевнинг ишдан олинганини эълон қилиб, бу ҳолатга муносабат билдирди.
«Мен учун бу ёмон ҳолат. Ҳукумат раҳбари сифатида, ўринбосаримнинг ушбу ишда томошабин бўлиши ё иштирокчи сифатида туриши ёмон. Президент топшириғи билан 25 октябрда бўлган воқеалар Бош прокуратура томонидан қатъий ўрганилади», деди













