Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи омбудсман лавозимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари Миллий маркази директори Акмал Саидов хабар берди.

Акмал Саидов

Унинг эслатишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 майдаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тасдиқланган.

«Дастурда ушбу тизимни такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари масалалари бўйича фаолият самарадорлигини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Шу тариқа, кун тартибига болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман институтини ташкил этиш масаласи киритилди», - деб ёзади Саидов ЎзА’да эълон қилинган мақолада.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, БМТнинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясига факультатив протокол, Қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ва жазоларга қарши Конвенцияга факультатив протокол ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш дастурий принципларига қўшилиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда ва истиқболлар таҳлил қилинмоқда.