Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти “Менинг биринчи энциклопедиям” туркумида белгиланган 50 номдаги болалар энциклопедиясининг 10тасини нашрдан чиқарди.

Ҳар бир энциклопедия ўзи ихтисослашган соҳага оид маълумотларни қисқа ва лўнда шаклда, ёш кўрсаткичлари инобатга олинган ҳолда ўзида жамлаган. Матнлар бевосита иллюстрациялар билан бойитилган. Болажонлар ушбу кичик энциклопедияларни ўқир экан, борлиқ ва ундаги мавжуд тур ва хилларнинг яралиши, тузилиши, таркиби, воқеликларнинг тарихи, улкан кашфиётлар ва кишилик жамиятининг турли соҳаларига оид бўлган дастлабки қомусий маълумотларга эга бўладилар. 

1. “Техника оламига саёҳат” номли энциклопедияда автомобилларнинг яратилиши тарихи, турлари ва яна бошқа кўплаб умумий жиҳатлар ҳақида сўз боради. Унда болажонлар автомобиллар тузилиши, кузов турлари, бир-биридан ажойиб пойга автомобиллари, оилавий автомобиллар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлиши мумкин. Ушбу нашр ўқувчиларга автомобиллар ҳақида маълумот бериш билан бирга уларда янгидан-янги ихтиролар учун рағбат ҳосил қилади.

2. “Бу жуда қизиқ” номли инсон ҳақидаги тасаввурларга эга бўлишга кўмаклашадиган ажойиб кичик энциклопедияда меҳмон – Ўзга сайёралик Ер куррасининг мезбони – Инсон билан ўзаро мулоқотга киришади. Китобда Ўзга  сайёралик меҳмон ўзи берган турли саволларга жавоб олиш мобайнида одам ва унинг тузилиши ҳақида маълумотларга эга бўлади.

3. “Капалаклар олами” номли энциклопедия ёрдамида сиз Ер юзида мавжуд бўлган капалакларнинг турлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, тузилиши ҳақида маълумотлар ўрин олган. 

4. “Коинотга саёҳат” номли кичик энциклопедия азиз болажонларни коинот сарҳадлари бўйлаб саёҳатга чорлайди. “Буюк портлаш” натижасида олам яралди. Коинот пайдо бўлди. Ер, Қуёш, сайёралар… хуллас, ҳаёт бошланди. Ушбу китобда табиат ҳодисаларининг нима эканлиги, тарихи, қандай юзага келишига доир саволларга илмий асосланган ҳолда жавоб берилган. 

5. “Дунё бўйлаб саёҳат” энциклопедияси китобхон болажонларни ер куррасининг энг гўзал масканлари билан таништиради. Китобхонлар ушбу билимлар салтанатида дунёнинг исталган нуқтасида жойлашган давлатлар, шаҳарлар, уларнинг қайси қитъада жойлашгани, майдони, аҳоли сони, давлат тили, унда яшовчи турли миллатлар ва элатлар, уларнинг маданияти, урф-одатлари, хушманзара жойлари билан яқиндан танишадилар. Китобда яна ҳар бир давлатнинг қиёфаси, тарихий ва дунёга машҳур жойлари рангли расмлар билан кўрсатилган.