Бу маълумотлар веб-технологияларга доир маълумотларни умумлаштирувчи w3techs сайтида келтирилган ва ҳар куни янгилаб борилади.

Жаҳонда турк тилидан кўра кенгроқ тарқалган халқаро тиллар кўп. Масалан, контент яратишда фойдаланилган тиллар рўйхатида кейинги ўринларда испан тили (3,6 фоиз), форс тили (3,5 фоиз), француз тили (2,5 фоиз), немис тили (2 фоиз), япон тили (1,9 фоиз), вьетнам тили (1,9 фоиз), хитой тили (1,3 фоиз), араб тили (1,3 фоиз) турибди.
Албатта, «кучли ўнлик»дан ўрин олган туркча, форсча ва вьетнамча маълумотларнинг кўплиги кишини чиндан ҳам ҳайратлантиради. Масалан, жами маълумотларнинг 0,1 фоиздан ҳам камроғини ташкил этувчи ўзбек тилидаги контентлар 51-ўринда экан. Яъни, интернетдаги ҳар мингта мақоланинг биттаси ўзбекча. Туркларнинг бу борада амалга оширган ишларидан ўрнак ва андаза олса арзийди.
Интернетда ўзбек тилидаги маълумотлар қанча?
Халқаро очиқ энциклопедия — Wikipedia’да ўзбекча материаллар 100 мингдан ошган. Wikipedia’даги мақолаларнинг катта қисмини «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»дан шундоққина кўчириб, «копи-пейст» қилинган мақолалар ташкил этади. Уларнинг катта қисми китоб варианти учун тайёрланган, батафсил бўлмаган, бир абзацдан иборат юзаки маълумотлар. Ҳолбуки, кўпинча ўша мақоланинг бошқа тилдаги версияларида батафсил маълумотлар берилган бўлади. Сифатга эмас, сонга ишлангандек таассурот қолдиради.
Онлайн энциклопедияда мақолалар сони 1 миллиондан ошган тиллар сони 19 та, бу ерда ҳам табиийки, инглиз (6,38 млн мақола) ва рус тили (1,75 млн мақола) етакчилик қилмоқда. Ўз-ўзидан, бу икки тилни мукаммал билган инсон янада кўпроқ маълумотларга эга бўлиши ойдинлашади.
Youtube, TikTok, Instagram каби ижтимоий тармоқлардаги ўзбекча контентларни-ку, энди гапиришга ҳам арзимайди. Ғиж-ғиж хато.
Ушбу маълумотларни келтиришдан муддао, XXI — ахборот асрида ўзбек тилидаги сифатли контентни кўпайтириш учун зудлик билан ишга киришиш кераклигини эслатиш. Биз бу борада бошқа миллатлардан ортда қолиб кетмаслигимиз керак.
Хўш, нималар қилиш керак?
Очиғи, бу борадаги ҳолатни асло қониқарли деб бўлмайди. «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти бор. Ҳозир энциклопедияларни (луғатларни ҳам) фақат қоғозда, китоб кўринишида чоп этиш ўзини мутлақо оқламайди. Аввало, китоблар нархи жуда қимматга тушади. Китобга кўп маълумот сиғдириб бўлмайди. Имкон қадар қисқа ва лўнда, юзаки маълумотлар беришга тўғри келади.
















