Яқин йилларда жаҳон молиявий тизимида АҚШ долларининг улуши босқичма-босқич пасая боради, унга рақобатчи бўлган валюталарнинг улуши эса, аксинча, ўса бошлайди. АҚШ федерал бюджети ва тўлов балансининг сурункали дефицити бунга сабаб сифатида кўрсатилмоқда, деб ёзади Forbes.

Айни вақтда АҚШ доллари жаҳон молиявий тизимида етакчи позицияда бормоқда. Халқаро Ҳисоб-китоблар Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси, шунингдек, SWIFT тўловлар тизими каби нуфузли ташкилотлар маълумотига кўра, 2017 йил сўнгига қадар глобал ҳисоб-китоблар соҳасида АҚШ долларининг улуши 40 фоиз атрофида бўлган, унинг энг яқин таъқибчиси евроники эса 36 фоизни ташкил этган.

Валюта бозорларида айланмадаги долларнинг улуши 44 фоиз атрофида, бу эса евро (16 фоиз) ва япон иенасининг (11 фоиз) улушидан сезиларли даражада юқори. Халқаро қарзларнинг 60 фоиздан кўпроғи долларда берилади (евронинг бу борадаги кўрсаткичи 20 фоиздан ортиқроқ). Ниҳоят, АҚШ доллари расмий халқаро захиралар тузилмасида етакчилик қилмоқда ва умумий сумманинг 60 фоизини эгаллаган (еврода 20 фоиз).

Жаҳон молиявий тизимида долларнинг етакчи позицияларни эгаллаши сўнгги бир неча ўн йил давомида АҚШ иқтисодиётининг жаҳонда тутган ўрнини акс эттиради — турли мамлакатларнинг ЯИМи долларнинг жорий курсида ҳисобланишда давом этар экан, ушбу валюта етакчиликни бермайди, албатта. Аммо турли давлатлар иқтисодиётларининг янада адекват таққоси учун харид кучи паритети (ХКП) курсидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Агар турли давлатлар ЯИМи ХКП курслари бўйича ҳисобланса ва 2011 йилги доимий долларларда ифодаланса (Бутунжаҳон Банки шундай қилади), 2017 йил якунларига кўра АҚШ жаҳоннинг энг йирик иқтисодиёти бўлмай қолади. Бу мамлакатга жаҳон ЯИМининг 15 фоизи тўғри келади, Хитойнинг бу борадаги улуши 18 фоизни ташкил этса, юқори учликни 11 фоиз ҳиссага эга евро зонаси якунлаб беради.

Нохуш статистика

Жаҳон ЯИМида АҚШ доллари улушининг нисбатан камайиши сўнгги йилларда ушбу валютанинг жаҳон молиявий тизимидаги роли тобора пасайиб, бош захира валютаси сифатидаги ўрнини бой бераётгани тўғрисидаги гап-сўзларни урчитмоқда. Бундай прогноз ва хавотирлар АҚШ тўлов баланси ва давлат бюджетига оид статистика маълумотлари билан мустаҳкамланмоқда.

АҚШ 1980 йилларнинг бошидан буён тўлов балансининг жорий ҳисоблари бўйича сурункали танқислик ҳолатига тушиб қолмоқда. Бир неча ўн йиллардан буён давом этаётган ушбу тенденция натижасида мамлакат ташқи иқтисодий соғломлигининг муҳим кўрсаткичи – соф халқаро инвестицион позиция манфийга айланди ва 2018 йилнинг ярмига келиб АҚШ ЯИМининг 44,5 фоизига тенг бўлди. Ўз навбатида, ҳам федерал, ҳам маҳаллий бюджетлардаги сурункали танқисликлар 2017 йилда АҚШ давлат қарзи йиғиндисини ЯИМнинг 105 фоизигача ошириб юборди.