Шигеаки Хинохара — Япониянинг узоқ умр кўрувчилар мамлакати номини олишига сабабчи инсонлардан бири. Унинг ўзи ҳам мисли кўрилмаган фаол кексалик даври намунасидир. Хинохара 75 ёшидан кейин 150 та китоб ёзган. Улар орасида энг машҳури “Узоқ умр кўриш, яхши яшаш” номли китоб 1,2 миллион ададда чоп этилган. 100 ёшдан кейин одамларни даволаш ва маъруза ўқишда давом этган.

Таъкидлаш жоизки, Хинохарани фақат шифокор сифатида танишмаган, у 90 ёшида ўз орзусини амалга ошириб, оркестр дирижёрлик пультини бошқарган. Шифохонада ўз беморлари учун мусиқий оқшомлар уюштирган.

Қуйида Шигеаки Хинохаранинг узоқ умр кўришга оид қоидалари билан бўлишишга қарор қилдик.

1. Инсон таом ёки уйқудан эмас, шодлик лаҳзаларидан қувват олади. Ёдингизда бўлса, болалик чоғимизда қувноқ  дамларда ҳатто овқатланишни ҳам, уйқуни ҳам унутиб қўяр эдик. Катталарда ҳам шундай. Танамизни ортиқча таом ёки уйқу билан қийнашга ҳожат йўқ.

2. Ҳар қандай ирқ, миллат ёки жинс вакиллари узоқ яшаши мумкин. Уларни фақат бир жиҳат бирлаштиради: узоқ умр кўрувчилар орасида бирорта ортиқча вазнли одам йўқ. Масалан, мен нонуштага бир чой қошиқ зайтун мойи қўшилган қаҳва ёки сут ё апельсин шарбати  ичаман (у артериялар ва тери учун фойдали). Тушликка – печенье ва сут, агар ҳаддан ташқари банд бўлсам, ҳеч нима. Мен ишлаётган вақтимда умуман очликни ҳис қилмайман. Кечки овқатга сабзавотлар, бироз балиқ ва гуруч ейман. Ҳафтада икки марта 100 граммдан ёғсиз гўшт истеъмол қиламан.

3. Ишларни доим олдиндан режалаштиринг. Менинг иш дафтарим одатда келгуси йилгача тўлган бўлади – беморлар олдиндан  қабулга ёзилади, маърузалар ва шифохонадаги ишлар. Бироқ 2016 йилда бироз кўнгил ёзишни режалаштирдим ва Токиодаги Олимпиадада бўлдим.

4. Пенсияга умуман чиқиш керак эмас. Агар буни четлаб ўтишнинг иложи бўлмаса, буни имкон қадар кечроққа суринг. Бугунга келиб Японияда пенсия ёши – 65 ёш, лекин бу ярим аср илгари белгиланган меъёр, у даврда мамлакатдаги ўртача умр кўриш давомийлиги 68 ёш бўлган, бутун Япония учун 100 ёшли қариялар сони эса атиги 125 киши бўлган. Ҳозир япон аёллари ўртача 86 йил умр кўришади, эркаклар эса – 80 йилгача, 100 ёшдан ошганлар сони эса – 36 минг нафар!

5. Ўз билимларингиз билан бўлишинг. Мен йилига 150 маъруза ўқийман, улар турли аудиторияларга мўлжалланган – мактаб ўқувчиларидан тортиб то ишбилармонларгача. Менинг маърузаларим бир соатдан бир ярим соатгача давом этади ва мен уларни тик турган ҳолатда ўқийман.

6. Шифокор сизга қандайдир таҳлил топшириш ёки операция қилдиришни тавсия қилса, унга савол беринг: худди шу тавсияни ўз фарзандлари, аёли ёки қариндошларига берган бўлармиди ёки йўқ? Шифокорлар ҳамма касалликни ҳам даволай олмайди. Ортиқча азоб-уқубатларга нима ҳожат? Баъзан мусиқа ёки жониворлар терапияси жарроҳлик операцияларидан яхшироқ ёрдам беради.