Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институти Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти этиб қайта ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ​2 ноябр куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда шундай дейилади. 

Қарорга мувофиқ, янгидан қайта ташкил этилган Божхона институти божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса сифатида белгиланди.

Институтда божхона иши соҳасидаги халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда икки босқичли “Божхона иши” ва “Юриспруденция (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш)” мутахассисликлари бакалаврларни ҳамда “Божхона иши (фаолият турлари бўйича)” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш амалга оширилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда мутахассислар тайёрлаш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларининг амалиётга йўналтирилганлик жиҳатини кучайтириш орқали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, битирувчиларда етарли амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида 2018-2019 ўқув йилидан номутахассислик фанларнинг ҳажмини камайтириш ва мутахассислик фанлари ҳажмини ошириш ҳисобидан уч йиллик назарий курс ҳамда ҳудудий божхона бошқармаларида бир йиллик стажировка ўташдан иборат ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Мутахассислик соҳасидан билим ва малака билан биргаликда хорижий тиллардан бирини мукаммал билиш, касбий фаолиятда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмасига ҳамда мустаҳкам иродага эга бўлиш замонавий божхоначи учун зарур бўлган муҳим компетенциялар сирасига киради. Шу боис, курсант ва тингловчиларни психологик бардошлилигини ошириш ва хорижий тилларни ўрганишни замонавий тизимини жорий этиш мақсадида Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантириш маркази фаолият юритади.

Институт ўқув жараёнида ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳамда самарали бошқарув тизимини жорий этиш бўйича ишлаб чиқиладиган Комплекс чора-тадбирлар дастурида тренажер-имитацион комплекслар ва мослашувчан автоматлаштирилган тренажерларни жорий этиш ҳисобига курсантларни назарий ва амалий тайёрлаш технологияларини такомиллаштириш, ўқув видеофильмлари ва электрон ўқув модуллари ҳисобига таълим ресурслари базасини шакллантириш, профессор-ўқитувчилар ва курсантларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Хусусан, институт Ахборот ресурс марказини “Электрон таълим” миллий тармоғига беғараз асосда уланишини, шунингдек Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондига ва етакчи хорижий ахборот-кутубхона ресурслари фондларидан узлуксиз фойдаланиш имконият яратилади.