Видео: YouTube

Видео: TasIX

Жорий йилнинг 30 июль куни Kun.Uz сайтида “Президентдан кўмак олишга эришган тадбиркор қиз қандай тўсиқларга учрамоқда?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Шундан сўнг, туман ҳокимлиги 2018 йил августида таҳририятга мактуб йўллаб, мазкур тадбиркор муаммоси ижобий ҳал этилаётгани, бино ва иншоотлар қуриш учун 3,5 гектар ер ажратиб бериш масаласи ижобий ҳал этилгани, озуқа базасини шакллантириш учун 7,4 гектар ер майдони ажратиш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақида маълум қилганди. Хўш, ёш тадбиркор аёл муаммолари ҳақиқатда барҳам топдими? Танқидий мақоладан сўнг, унинг фаолияти нечоғли ўзгарди? Таҳририят тасвирга олиш гуруҳи Навоий вилоятига навбатдаги сафари чоғида Навбаҳор туманидаги “Довуд ота келажаги” паррандачилик хўжалигига ҳам бориб, сайтда эълон қилинган мақоладан сўнг, мутасадди идоралар томонидан ҳақиқатда қандай чоралар кўрилганига қизиқди. Одатдагидек, дастлаб мурожаатчи билан учрашиш мақсадида собиқ почта биносига борамиз. 

Бу бино президентнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига биноан “ноль” қийматда бройлер жўжаларини боқиши учун Гулҳаёга тақдим этилган. 400 млн сўм кредит ажратилгани, Дамас автомашинаси етказиб берилгани ҳақида ҳам аввалги лавҳамизда сўз юритилганди. Бироқ, озуқа базасини шакллантириш, товуқларни сўйиш, гўштини сақлаш учун музхона қуришга ер ажратиш борасида ҳамон “эски ҳаммом, эски тос” десак муболаға бўлмайди. Муаммо ҳануз ўша-ўша. Ер ажратилмаяпти. 

Ёш тадбиркор оила ер масаласида ҳатто Тошкентга Президент қабулхонасигача боришга мажбур бўлган. У ердагилар масала ҳал этилишини айтишган ҳамда жавоб мактубини Навоий вилоят прокуратурасига юборган. “Туман ҳокимлиги эса, прокуратурага ер ажратилгани хусусида ёлғон маълумот берди. Лекин, ҳаммаси кўзбўямачилик, менга ҳеч ким ер ажратиб бергани йўқ”, - дейди Гулҳаё.