Австрия махсус хизматлари 20 йил давомида Россия фойдасига жосуслик қилиб келган армия полковнигини қўлга олди. Бу ҳақда Австрия мудофаа вазирлигига таяниб Kronen Zeitung нашри хабар берди.

Хабарда айтилишича, 1990-йиллар охиридан Россия ҳарбий разведкасига миграцион инқироз, Австрия ҳарбий авиацияси ва артиллерия тизимлари ҳақида маълумотлар етказиб турган австриялик 70 ёшли истеъфодаги полковникка нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Нашрнинг маълумот беришича, у бу хизмати учун 300 минг евро атрофида пул олган. 

Хабарда таъкидланишича, полковник ҳар икки ҳафтада Россия махсус хизматларидаги "Юрий" исмли алоқачи билан учрашган ва унга махфий ҳужжатларни тақдим этган.  

Австрия прокуратураси унга нисбатан хорижий ҳарбий разведкага хизмат қилиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган.