Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Австрияда «Россия жосуси» можароси. Путинни тўйига таклиф этган вазир Москвага сафарини бекор қилди
Австрия Ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль Россияга режалаштирган ташрифини бекор қилди. Бунга Россия фойдасига жосуслик қилиб келган Австрия армиясининг истеъфодаги полковниги қўлга олиниши сабаб бўлди.
9 ноябрь куни қўлга олинган полковник 20 йилдан буён Россия разведкасига махфий маълумотларни етказиб келгани аниқланган.
Kronen Zeitung нашрининг ёзишича, исми ошкор этилмаётгани, ёши 70да бўлгани айтилаётган полковник ўтган давр мобайнида хизматлари учун 300 минг еврога яқин пул олган.
Газета маълумотига кўра, жосус «дўст» давлатларнинг ёрдами эвазига аниқланган. Айрим маълумотларга кўра, Австрия разведкасига маълумотларни Германия томони топширган. Қўлга олиш чоғида ҳарбийнинг ноутбуки мусодара қилинган, экспертлар айни вақтда уни ўрганишмоқда. Полковникка нисбатан Австрия Жиноят кодексининг 319-моддаси бўйича иш очилган.
Гумонланувчи Австрия армияси штабида «аҳамияти юқори бўлмаган» лавозимда хизмат қилган. У ҳар икки ҳафтада бир марта Россиядаги куратори - Юрий исмли шахс билан алоқага чиққан. Шифрланган мактублар ёки сунъий йўлдош орқали алоқада полковник Австрия ҳарбий авиацияси ва артиллерияси ҳақидаги маълумотларни, шунингдек, мамлакатдаги муҳожирлар билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот етказган. Бундан ташқари, у юқори мартабали амалдорларнинг батафсил маълумотларини тўплаган. 2006 йилда полковник агентлик фаолиятини тўхтатмоқчи бўлган, аммо Россия разведкаси уни ишни давом эттиришга кўндирган. Россиядагилар жосусни фош этишганидан хабардор бўлишгач, унга барча материалларни йўқ қилишни буюришган. У ўзини қўлга олгунларича бу буйруқни бажаришга улгурган.
Австрия бош вазири Марио Кунасек бу ҳолатга муросасизлик билдирган. «Бу ҳодиса шуни кўрсатмоқдаки, совуқ урушдан кейин ҳам бетараф давлатлар жосуслик нишонида қолмоқда», — деган у.
Россиянинг Австриядаги атташеси вазирликка чақирилди, бунга жавобан РФ ТИВ Австрия элчиси Йоханнес Айгнерни ҳодиса бўйича изоҳ олиш учун чақиртирган.
Жосуслик можароси ортидан Австрия Ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль Россияга 2-3 декабрь кунларига режалаштирилган ташрифини бекор қилди. Австрия канцлери Себастьян Курцнинг маълум қилишича, расмий Вена ҳозирча Россиядан элчисини қайтариб олмоқчи эмас, аммо бу ҳодисадан кейин Россиянинг Европа Иттифоқи билан муносабатлари янада ёмонлашиши мумкин. Канцлер халқаро ҳамкорлар билан ушбу ҳодисани муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
Бунгача Австрия Россияга қарши санкцияларни кескинлаштиришга қарши чиқиб келаётганди. Австрия Европа Иттифоқининг Скрипаль иши ортидан россиялик дипломатларни ўз ҳудудидан чиқариб юбормаган саноқли давлатларидан бири бўлганди. 2018 йилнинг августида эса Россия президенти Владимир Путин Карин Кнайслнинг никоҳ тўйига ташриф буюрган ва у билан рақс тушганди.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Германия фуқаролигини олган чет элликлар сони рекорд даражага етди
19:52 / 03.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия федерал канцлери билан учрашди
22:50 / 01.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия ва БМТ раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
20:19 / 01.06.2026