Ақтўбедаги фожиа юзасидан сентябрь ойи бошида бошланган суд жараёни ниҳоясига етди. Ақтўбе области Жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судида автобус ҳайдовчилари ва бошқа судланувчиларга ҳукм ўқилди. Судда жами 5 нафар айбланувчига жазо тайинланди. Автобус ҳайдовчилари Танатов, Қирғизбоев ва Пернебековга 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Улар кейинги 7 йил мобайнида йўловчи ташиш хизмати соҳасида ишлай олишмайди.
Youtube'да кўриш
Mover'да кўриш
Бундан ташқари, судланувчилар ҳалок бўлган 52 ўзбекистонлик учун уларнинг оила аъзоларига 2 миллион тенгедан товон пули тўлаши белгиланди. Ақтўбеда ёниб кетган автобусда ўз ўғиллари ва набираларини йўқотган Ўзбекистон фуқаролари ҳар бир ҳалок бўлган қариндоши учун 150 миллион тенгедан талаб қилганди Судланувчиларга нисбатан бундай даъволар 16 нафар даъвогар томонидан берилган. Шунингдек, айрим даъвогарлар судланувчилар учун энг оғир жазони талаб қилишганди.

Шу йилнинг 18 январь кунида Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида, Самара-Чимкент трассасининг 1068-километрида ичида ҳайдовчилар билан бирга жами 57 киши бўлган йўловчи автобуси ёниб кетганди. Бу фожиа оқибатида Ўзбекистоннинг Қозоғистон орқали Россияга кетаётган 52 нафар фуқароси ҳалок бўлди. Фожиадан 5 киши омон қолган, уларнинг 3 нафари қозоғистонлик ҳайдовчилар ва 2 нафари Ўзбекистон фуқаролари эди. Автобуснинг ёниб кетишига расмий сабаб - техник носозлик ва хавфсизлик техникасига риоя қилмаслик этиб кўрсатилди.










