Аёллар масалалари билан шуғулланишни танлаган жамоат институтлари ҳамда аёллар томонидан ташкил этилаётган ва бошқарилаётган ташкилотларни аёллар ташкилотлари дейиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда бундай ташкилотларни аёллар, болалар ва оилалар ҳимояси ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган фаолият олиб борувчи ташкилотлар сифатида тушунилади. “Аёллар ҳаракати” тушунчаси эса аёллар, аёллар гуруҳлари ва ташкилотларининг турли қатламдаги аёллар манфаатларини илгари сурувчи ва гендер муносабатларга оид тизимни такомиллаштиришга йўналтирилган ижтимоий, маданий ва сиёсий фаолиятини ўзида мужассам этади. KUN.UZ мухбири Хотин-қизлар қўмитасининг Ўзбекистонда аёллар ташкилотлари фаолиятига доир тақдим этган маълумотларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
Аёллар ва оила масалаларига ихтисослашган ННТлар
Ўзбекистонда 500 дан ортиқ аёллар нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) фаолият юритади. Уларнинг энг йириклари қуйидагилар:
- 214 ҳудудий бўлинмасига эга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси: 14 та – вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри миқёсида ва 200 та – туман ва шаҳар миқёсида;
- 57 ҳудудий бўлинмасига эга “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон Ишбилармон аёллар уюшмаси;
- 1 республика ва 3 ҳудудий бўлинмасига эга Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” уюшмаси.
Мамлакатнинг 8 ҳудудида Хотин-қизлар қўмитаси билан ташкил этилган Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолият юритади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда 300 дан зиёд ННТ аёллар, ёшлар ва болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишларни олиб боради.
Фаолият, йўналишлар ва мақсадли гуруҳлар
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси таҳлилларига кўра, сўнгги вақтларда аёллар ННТлари қуйидаги асосий йўналишларда фаолият юритади:
- Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – 54 фоиз;
- Аёллар ва аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш – 49 фоиз;
- Аёллар ва уларнинг оилалари саломатлиги, ногиронлиги бўлган кишилар, спортни ривожлантириш – 44 фоиз;
- Фан ва таълим – 14 фоиз;
- Атроф-муҳит муҳофазаси.
Мақсадли гуруҳлар ҳақида гап кетганда, аёллар ННТлари деярли барча ижтимоий қатламлар билан ишлайди. Энг асосий мақсадли гуруҳ вакили – она, унинг оиласи ва тадбиркор аёл. Шунингдек, ногиронлиги бўлган аёллар, оиласида шундай кишилар бўлган аёллар, одам савдоси қурбонлари каби алоҳида гуруҳлар ҳам мавжуд.















