Бутунжаҳон иқтисодий форуми (WEF) яқин йиллардаги меҳнат бозори келажаги тўғрисидаги маърузани чиқарди. Сунъий идрокнинг (СИ) ривожланиши сабаб 2022 йилга келиб дунё 75 миллион иш ўрнини йўқотади. Бироқ 133 миллионта янги иш ўрнига эга бўлади. Хурсанд бўлишга шошилманг, бари осон эмас.

Ушбу маърузага кўра:
- СИ яқин бир неча йилларда иш ўринларига таъсир кўрсатади: агар ҳозир компьютерлар иш операцияларининг 29 фоизини бажараётган бўлса, 2025 йилга келиб, бу кўрсаткич 52 фоизга етади.
- Гап шундаки, роботлар бизларни иш жойларидан сиқиб чиқаришмайди, ўйин шартлари бироз ўзгариши эҳтимоли катта: бир хил ишни бажариш учун турли кўникмалар талаб этилади.
WEF мутахассислари бирор янги нарса айтишгани йўқ. Яқин йилларда сунъий идрокнинг барча иш жойларига эга чиқиши тўғрисидаги маълумотлар интернетда талайгина. Уларга ишониш-ишонмаслик ҳар кимнинг шахсий иши. Бироқ олдиндан тайёргарлик кўрган маъқул. 10 йил аввал ҳеч қандай СИ бўлмаган, ҳозир эса у билан ҳар куни юзма-юз келяпмиз. 10 йилдан кейин дунёга роботларнинг таъсири одамга қараганда кўпроқ бўлади. Нимага бўлмаслиги керак?
Маърузанинг икки қизиқ жиҳати бор:
Биринчидан, 4 йил. Илгари 10-50 йиллар ҳақида гапирилар эди. Энди эса бор-йўғи 4 йил. 2022 йилга келиб, дунёда глобал ўзгаришлар кузатилади. Маърузадаги хулосаларга ишонмасликка асос ҳам йўқ.
Иккинчидан, ўйиннинг янги қоидалари. Келажакдаги одамдан нима талаб этилади? Муаллифлар бу саволга жуда қизиқ жавоб беришган. Энг муҳими – тезкор ва узлуксиз малака ошириш.
Маъруза муаллифлари 4 йилдан кейин қайси кўникмалар асосий бўлиши ҳақида айтишган (аҳамиятининг камайиб бориши кетма-кетлигида).
- Ностандарт вазифаларни мустақил ечиш кўникмаси.
- Танқидий фикрлаш.
- Ижодкорлик.
- Одамларни бошқариш кўникмаси.
- Гуруҳда ҳаракатларни мувофиқлаштириш.
- Эмпатия.
- Қарорларни мустақил қабул қилиш.
- Мижозга йўналганлик.
- Музокаралар ўтказиш.
- Фикрлашнинг мослашувчанлиги.
















