18:50 / 13.11.2018
17054

«Андижон» Суперлигага қайтди

Бугун, 13 ноябрь куни Про-лига «А» гуруҳида 35-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Қайд этилган натижаларга кўра, чемпионат якунланишига бир тур олдин гуруҳда дастлабки уч ўриндан жой оладиган жамоалар номи маълум бўлди.

Жумладан, бугун «Истиқлол»дан устун келган «Андижон» сўнгги турда қандай натижа қайд этишидан қатъи назар, 1-ўринни эгаллаши ойдинлашди. Айни пайтда 2-поғонада бораётган «Машъал» «Андижон»дан 3 очко ортда бўлса ҳам, ўзаро ўйинлар натижасига кўра, муборакликлар сўнгги турдан кейин «Андижон»дан олдинга ўтиб кета олмайди.

«Про-лига «А» гуруҳида 1-ўринни эгаллайдиган жамоа келаси йили Суперлигада қатнашиш имкониятига эга бўлади. Шу сабабдан ПФЛ бош директори Омон Ғофуров бошчилигидаги ишчи гуруҳ бугун Андижонда бўлди ва клубнинг айни пайтдаги ҳолати ва келаси мавсум учун режалари билан танишди. Қолаверса, марказий ўйинни бевосита «Соғлом авлод» ўйингоҳидан кузатди», - деб хабар берди ташкилот расмий сайти.

«Андижон» Про-лигада ғолибликни қўлга киритган бўлса-да, яқинда ишлаб чиқилган «ЎФА ва ПФЛ доирасидаги мусобақаларда иштирок этувчи футбол клубларини лицензиялаш ва профессионал футбол клуби мақомини белгилаш бўйича регламент» талабларини бажариш учун жиддий бел боғлаши шарт.

Бугунги тур ўйинларидан сўнг Про-лига «A» гуруҳида 2 ва 3-ўрин эгалари номи ҳам аниқ бўлди. «Машъал» жамоаси 2-ўринни нақд қилиб улгурган бўлса, «Истиқлол» 3-поғонага жойлашиши ойдинлашди. Зеро, «Истиқлол»дан бир очко кам жамғарган «Сурхон» учун 2018 йилги мавсум якунланди. Термизликлар сўнгги турда дам олишади.

Про-лига
35-тур / 13 ноябрь, сешанба
Андижон – Истиқлол 2:1
Голлар: Жавоҳир Расулов (0-1), Нодир Мавлонов (1-1), Шаҳбоз Жумабоев (2-1)

Норин – Машъал 1:3
Голлар: Хумоюн Муртазоев (0-1), Бахтиёр Қосимов (1-1), Жамолиддин Убайдуллаев (1-2), Хумоюн Муртазоев (1-3).

Орол – Хоразм 1:3
Голлар: Темур Бекчанов (0-1), Полат Каипназаров (1-1), Тимур Исмоилов (1-2), Сарвар Жуманиёзов (1-3). 

Шўртан – Сурхон 3:2
Голлар: Маъруф Муродов (1-0), Олим Каримов (2-0), Абдул Азиз Юсупов (2-1), Баҳриддин Ваҳобов (2-2), Мўмин Мейлиев (3-2).

Про-лига «B» гуруҳида ҳам мусобақа жадвалининг юқори ўринларини эгаллайдиган жамоалар ойдинлашиб бормоқда. Айни пайтда дастлабки 2та ўринни банд этиб турган жамоалар «Нурафшон» ва «Шердор» эртага ўзаро баҳс олиб боради. Айнан мана шу ўйин ҳам кўп нарсага ойдинлик киритиб беради.

Сўнгги 36-тур ўйинлари 19-20 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Сўнгра ҳар икки гуруҳда юқори поғоналарни банд этган жамоалар плей-офф баҳсларида майдонга тушишади. Мавсум аввалида айтилгани каби, ПФЛ ҳар икки гуруҳ ўртасидаги ўтиш ўйинини ўтказиши мумкин, бироқ «B» гуруҳи жамоаларининг ҳолати лицензиялаш талабларига мос келмаса, улар Суперлигада ўйнай олмайди. Бу ҳақда йил бошидаёқ айтиб ўтилган ва шунинг учун ҳам лига иккига ажратилган.

26-27 ноябрь
ПЛЕЙ-ОФФ
1-жуфтлик. Про-Лига «А» 2-ўрин – Про-Лига «В» 2-ўрин
2- жуфтлик. Про-Лига «А» 3-ўрин – Про-Лига «В» 1-ўрин

3 декабрь
ПЛЕЙ-ОФФ
Суперлига 11-ўрин – 1-жуфтлик

4 декабрь
ПЛЕЙ-ОФФ 
Суперлига 10-ўрин – 2-жуфтлик 

Top