Туркманистон Ўзбекистондан катта партиядаги қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олади.

Давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов тегишли қарорни имзолаган. Унда республика Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига «Uzsanoateksport» (Ўзбекистон) акционерлик жамияти билан катта партиядаги қишлоқ хўжалиги техникаси ва ускуналарини сотиб олиш мақсадида шартнома имзолаш ҳақида топшириқ берилган.

Бундан ташқари, Туркманистон вазирлиги техникаларга тўловни амалга ошириш бўйича ҳисоб-китобларни ҳам қилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни қабул қилгани хабар берилганди.

Шунингдек, кеча Ўзбекистон ва Туркманистон президентларининг телефон орқали ўзаро мулоқоти бўлиб ўтди.